“Bunyodkor Talant Cup” турнири ёш истеъдодларни бир майдонга жамлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Бунёдкор” футбол академияси ташаббуси билан 5–10 июнь кунлари 2014–2018 йилларда туғилган болалар ўртасида “Bunyodkor Talant Cup” турнири бўлиб ўтди.
Мусобақада Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Андижон, Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан, шунингдек, Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган 60 дан ортиқ жамоа таркибида 1300 нафардан зиёд ёш футболчи иштирок этди.
Учрашувлар юқори рақобат муҳитида ўтиб, иштирокчиларнинг тайёргарлиги ва маҳоратини намоён этди.
[gallery-29873]
Турнир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, ўзининг ёрқин ўйини билан ажралиб турган ёш футболчилар тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида “Бунёдкор” футбол клуби бош директори Мурод Алиев, таниқли мураббий Рустам Мирсодиқов, “Бунёдкор” футбол академияси директори Шавкат Саидов, клуб спорт директори Ислом Иномов, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Бахтиёр Ашурматов ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар болалар футболи миллий футбол тараққиётининг муҳим бўғини эканини таъкидлаб, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шарт-шароит яратиш ва мусобақалар орқали тажриба орттириш имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Шунингдек, мусобақани ташкил этиш ва иштирокчилар учун зарур шароитларни таъминлашда кўмаклашган “AK-45” хусусий корхонасининг ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
“Bunyodkor Talant Cup” турнири ёш футболчиларнинг иқтидорини намоён этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва келгусида профессионал спортга йўналтиришга хизмат қилувчи муҳим спорт тадбирларидан бири бўлди.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА