БУГУН: газеталарни варақлаганда…
Матбуот, оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос хусусиятларидан бири – уни мутолаа қила туриб, бугун одамлар нима ташвиш билан яшаётгани, уни нималар безовта қилаётганини сезиб, ҳис этиб турасиз.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида давлат раҳбари иштирокидаги “Спорт таълими ва илмини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди” саҳифаси, Самарқандда “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзусида II Ўзбекистон иқтисодий форуми ўз ишини бошлагани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табриги эълон қилинган. “Самарқанд яна дунё нигоҳида”, “Иссиқхона хўжалигида янги имкониятлар”, “Замонавий пенсия таъминоти”, “Таълимдаги ноёб тажриба”, “Излаган имкон топади” ва ”Янги Наманган” саҳифаларини газетхон қизиқиб ўқийди.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ тадбир тафсилотлари ва Самарқандда бошланган II Ўзбекистон иқтисодий форуми иштирокчиларига давлат раҳбарининг табриги эълон қилинган. Моҳият, халқаро форум, кўргазма, кўзгу, давра суҳбати ва нуқтаи назар рукнларида берилган мақолалар тобора чирой очиб бораётган юртимиз ҳақидаким, ўқувчи назаридан четда қолмайди. Шунингдек, газета орқали Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонуни билан ҳам танишасиз.
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасида эълон қилинган “Тошкентдан таралган зиё” саҳифаси сизнинг ҳам қалбингизга нур олиб киради. Зилола Хўжаниёзованинг “Кузги боғларда баҳор насими” мақоласи, Муҳаббат Тўхташева, Барно Солиева, Ғулом Эгамшукурнинг шеърлари, Абдулло Бобоёровнинг “Она бўри” ҳикояси мутоласидан руҳингиз қувват олади. Шаҳло Қосимованинг озарбайжонлик таниқли навоийшунос олима Алмаз Улви билан Навоий ва Бобур асарлари хусусидаги суҳбати кўнглингизга ғурур бағишлайди.
“Adolat”нинг бугунги сонидан ўрин олган аксарият мақолалар жиддий ва қамровининг кенглиги билан эътиборни тортади. “Битик мақбара пештоқига қайтариладими?”, “Конституция ёш мусаввирлар нигоҳида”, “Коррупцияга қарши кураш шаффофликни талаб қилади”, “Ўзи емас, бировга ҳам бермаслар” каби мақолалар замирида бугунги кун манзаралари, муаммо ва дардлари бор. Абдуқаюм Йўлдошевнинг Шароф Рашидовнинг 105 йиллигига бағишланган “Ибтидо” мақоласи, Саодат Матёқуб қизининг “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” саҳифалари мароқ билан ўқилади.
“Vatanparvar” – том маънода Ватанга муҳаббат туйғусини тарғиб қилувчи газета. Бир қараганда, ҳа, – бир тармоқ газетаси-да, дейишингиз мумкин. Аммо, шошилмай, газетани варақлаб, унда ёритилган масалалар, кўтарилган муаммоларни кўрсангиз, бу сизнинг ҳам газетангиз эканлигини ҳис эта бошлайсиз. “Хавфсизликка таҳдид ҳар бир фуқарони сергак ва огоҳ бўлишга чорлайди”, “Жанговар анъаналар давом этмоқда”, “Ватанга садоқат шижоати”, “Ҳарбийлар ва овчилар беллашуви”, “Чегарачи ўғлонлар жаҳон чемпиони бўлди” каби мақолаларда ўзбекона ғурур ва Ватанга муҳаббат ҳақида сўз юритилади.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА