Боёвутда мудофаа иншооти фойдаланишга топширилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Мудофаа ишлари бўлими учун реконструкция қилинган замонавий бино фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилиб, умумий қиймати 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этди.

Янги қиёфага эга бўлган иншоот нафақат ташқи кўриниши, балки ходимлар учун яратилган замонавий иш шароитлари билан ҳам эътиборга молик. Қурилиш-таъмирлаш ишлари вилоятда фаолият юритаётган «Шаҳноза декларант сервис» корхонаси мутахассислари томонидан қисқа муддатда ва сифатли тарзда амалга оширилди.
Очилиш маросимида мудофаа соҳаси вакиллари, ҳарбий прокуратура масъуллари, кўп йиллик хизмат тажрибасига эга фахрийлар, маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар мамлакатда миллий хавфсизликни таъминлаш, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни алоҳида таъкидладилар.

Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда мудофаа тизимини замон талаблари даражасида ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, мазкур иншоотнинг фойдаланишга топширилиши амалий ислоҳотларнинг яққол натижасидир.

– Янги бино замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Бу ерда ходимлар учун қулай ва самарали иш муҳити яратилди. Бу эса хизмат сифатини ошириш билан бирга, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади, – дейди туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Алишер Ҳусанбоев.
– Бундай замонавий инфратузилманинг яратилиши ходимлар учун катта рағбат, шу билан бирга, улар зиммасига янада юксак масъулият юклайди. Энг муҳими, бу каби ислоҳотлар мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши вакили, захирадаги подполковник Бурҳон Абдуалимов.

Маросим якунида иштирокчилар янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, амалга оширилган ишларга юқори баҳо бердилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА