Британия Исроилга босимни кучайтирмоқда
“Anadolu” хабар беришича, Буюк Британия давлат котиби Луиз Хейг мамлакат Ғазо секторида бегуноҳ фаластинлик болалар ҳалок бўлишига энди жим қараб турмаслигини маълум қилиб, Исроил ҳукуматига тазйиқ оширилишини ваъда қилди.
Касаба уюшмалари конгрессида чиқиш қилган Хейг Бош вазир Энди Бёрнем фикрини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қироллик Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги воқеаларга жуда суст муносабат билдираётганини таъкидлади. Шунингдек, дунёга ўз қарашини эслатиш зарур пайтда мамлакат иккилангани, бундан буён бегуноҳ оилалар барбод бўлиши ва икки давлат тузиш умиди сўнишига томошабин бўлиб турмаслигини қайд этди.
Хейг ташқи ишлар вазири Эд Милибэнд томонидан эълон қилинган санкция Британиянинг ёндашувини ўзгартиришга қаратилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Лондон ноқонуний аҳоли манзилларини нишонга олиш орқали Исроилга босим ўтказиб, Яқин Шарқда тинчлик умидини сақлаб қолиш ва адолатсизликка қарши туриш ниятида.
Милибэнд ўтган ҳафта Исроилнинг ноқонуний аҳоли манзилларидан маҳсулот импортини тақиқлаш, ушбу ҳудудларни кенгайтиришга кўмаклашаётган компания ва шахсларга нисбатан чеклов жорий қилиш ҳамда зўравонликка даъват қилган радикал исроилликларга нисбатан қўшимча санкция белгилаш назарда тутилган чораларни эълон қилган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА