“Брайл алифбоси ёрдамида овоз бердим”
Президент сайлови Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда, юксак савияда ўтказилмоқда.
Янги Наманган туманининг "Оромгоҳ" даҳасидаги 60-умумтаълим мактаби биносида жойлашган 119-сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари аҳолининг фаол иштироки билан бошланди. Эрталабдан сайловчиларнинг фаоллиги сезилмоқда, улар ўзлари муносиб кўрган номзодга овоз бермоқда.
Участка сайлов комиссияси раиси Дилфуза Қаюмованинг маълумот беришича, сайловда Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи 2385 нафар сайловчининг иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 724 нафари ёшлардир. Бундан ташқари, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг сайловдаги иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, кўзи ожиз кишилар учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган брайл алифбосидаги бюллетенлар тақдим қилинмоқда.

– Ёшим 67да, – дейди меҳнат фахрийси, Кўзи ожизлар жамияти аъзоси Собитхон Каримов. – Биз каби имконияти чекланган инсонларни ҳам Президент сайловида иштирок этиш ва овоз беришимиз учун алоҳида шарт-шароитлар яратилганидан хурсанд бўлдик. Сайловда оила аъзоларимиз билан иштирок этдик. Участка аъзолари берган брайл алифбоси бюллетенидан фойдаландим. Юртимиз тинчлиги, Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида бор куч салоҳиятини сафарбар этишга қодир, ўзим маъқул кўрган номзодга овоз бердим.
– Сайловда биринчилардан бўлиб овоз бериш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман, – дейди 71 ёшли меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Аҳмаджонов. – Бугунги сиёсий тадбир халқимизнинг кўтаринки кайфияти билан тўйдек нишонланмоқда. Узоқ йиллар савдо ташкилотлари ва маҳаллий бошқарув идораларида ишладим. Сайловга мажбуран чорловлар, оила аъзоларидан бир кишининг барча бюллетенларни ташлаганларини кўрдик. Янги Ўзбекистондаги сайловлар эса чин маънода, шаффоф ва очиқ тарзда бўлиб ўтаётганлиги билан тубдан фарқ қилади. Сайлов кунига қадар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан обдон танишиб чиқдим, уларнинг чиқишларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатдим. Келгуси беш йилда Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун садоқат билан хизмат қилишга қодир, ўзим муносиб топган номзодга овоз бердим.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА