Миллий қадриятлар миллий ғурурни уйғотади
Термизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Миллий қадриятлар ва замонавий тафаккур уйғунлиги” мавзуига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.
Унда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят ва Термиз шаҳар кенгашларидан сайланган депутатлар, вилоят туризм, маданий мерос, ёшлар ишлари агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зебунисо Алимардонова, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Хўжақулов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда миллий қадриятларни улуғлаб, ёш авлод онгу шуурига сингдириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Ҳозирги глобаллашув жараёнларида ўтмишда яшаган буюк аждодларимизнинг маданий мероси, урф-одатлари, тили ва тарихий хотирасини келажак авлодларга етказишнинг аҳамияти тўғрисида фикр алмашди.

Тадбирда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштириб, ёшларда миллий ғурур, ватанпарварлик ва фуқаролик масъулияти туйғусини ошириш, халқимизнинг бой маънавий мероси, урф-одат ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш, миллий ўзликни англашни кучайтириш ҳамда глобаллашув шароитида миллий қадриятларни сақлаб қолишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Ёшларнинг мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлаб, маънавий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиб, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири