Божхоначилар йирик ноқонуний дори воситаларини фош этди
Наманганда вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги ноқонуний дори воситалари аниқланди.
Тезкор тадбир жараёнида Наманган шаҳрида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонини белгиланган тартибда кўздан кечириш чоғида махсус яширилган ер ости омбори аниқланди. Унга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган, республикамиз ҳудудига айланма йўллар орқали олиб кирилган ҳамда қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган 66 турдаги жами 35 минг 346 қути дори воситалари борлиги фош этилди.

Вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Анастасия Атаханованинг қайд этишича, дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 28 ҳолатда салкам 9 миллиард 400 миллион сўмлик 465 минг қутидан зиёд дори воситаларининг чегаралар орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА