Бош прокурорга бириктирилган Олмазор туманида хавфсиз муҳит қандай таъминланмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси жойларда изчил таъминланишига эътибор берилмоқда.
Халқ депутатлари Олмазор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қарор ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси, шунингдек жамоат хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг Олмазор туманида ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, тумандаги ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятга таъсир кўрсатадиган 20 га яқин йўналиш белгиланиб, мувофиқлаштирувчи штаб, идоралараро ишчи гуруҳлар шакллантирилган ҳамда вазифалар ижроси юзасидан кунлик назорат йўлга қўйилган.
Туманда жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни яхшилаш ва хавфсиз муҳитни яратиш ишларига комплекс ёндашилмоқда. Бунда аҳолининг кайфиятига таъсир кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўқувчилар давоматини онлайн назорат қилиш мақсадида барча мактабларда Face ID тизими йўлга қўйилган. 652 хонадон ўрганилиб, 42 нотинч оиладаги муаммолар ҳал қилинган. 12 “хавфсиз кўча” ташкил этилган, аҳоли гавжум жойларга 135 камера қўйилган. 535 та объект техник қўриқловга олинган, кўп қаватли уйларга 142 домофон, 115 ташвиш тугмаси ўрнатилган.

Олий таълим муассасаларига 182 камера, 12 турникет ва 22 Face ID қурилмаси ўрнатилиб, 61 минг нафар талаба иштирокида 7,5 мингга яқин профилактик тадбир ўтказилган.
Талабалар шаҳарчасида яшовчи 16 минг 415 нафар талабанинг шароити ўрганилди. Шароити талабга жавоб бермайдиган 114 нафар талаба бошқа турар жойларга кўчирилган. Шунингдек, 6 минг 708 нафар талабанинг Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтиши таъминланган.
Аҳоли соғлиғини сақлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 71 минг 540 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 333 нафар наркологик ва 2 минг 504 нафар руҳий касалликка чалинган шахсларни соғломлаштириш чоралари кўрилган.
Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, жорий йилда фаолияти тўхтаб қолган 541 тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланган, 1 минг 815 та янги субъект ташкил этилган, 4 минг 187 янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, 5,5 миллион долларлик экспорт салоҳияти шакллантирилиб, бюджетга қўшимча 17,5 миллиард сўм тушум манбаи яратилган.
Айни пайтда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва норасмий тадбиркорликни қонунийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда туман 15 қисмга, яъни 79 лотга ажратилиб, ҳар бири бўйича хатлов ишлари амалга оширилган.
Натижада норасмий фаолият юритиб келган 365 нафар ишчи ва рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик қилган 52 нафар фуқаронинг фаолияти қонунийлаштирилган. Шунингдек, ижара шартномаси мавжуд бўлмаган ёки муддати тугаган 314 тадбиркорлик субъекти билан шартномалар тузилиб, бюджетга 6,9 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми таъминланган.
“Қорақамиш” деҳқон бозори, “Жомий савдо комплекси” ва “Riviera Mall” савдо маркази тўлиқ рақамлаштирилиб, 851 норасмий субъект ва 478 нафар ишчи фаолияти қонунийлаштирилган. Бу орқали бюджетга 2,3 миллиард сўм қўшимча тушум манбаи яратилган ҳамда 653 нафар фуқаронинг бошқа муаммолари ҳал этилган.
“Қорақамиш” деҳқон бозорида ситуацион марказ ташкил этилган, тумандаги 2 та йирик автотураргоҳ ва 18 автотранспорт ювиш шохобчаси фаолияти рақамлаштирилган. 4 минг кв.м майдонда ноқонуний ташкил этилган автотураргоҳ қонунийлаштирилган. Умумий майдони 13,5 минг кв.м бўлган яна 2 та автотураргоҳ рақамлаштирилиб, ситуацион марказга уланган.
Шу билан бирга, ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллалардаги ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этиш ва хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам батафсил ёритилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Мирзо Улуғбек тумани тажрибаси асосида Олмазор туманида барча соҳалар маълумотларини жамловчи “Вазиятлар маркази экотизими”ни ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Мазкур марказ турли идоралар ахборот тизимларидан келиб тушадиган маълумотларни сунъий интеллект орқали консолидация қилиш, визуаллаштириш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса муаммоларни реал вақт режимида аниқлаш ва уларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Ушбу тажрибани Олмазор туманида ҳам жорий қилиш бўйича тақдимот ўтказилди. Мазкур платформанинг асосий имкониятларидан бири бўлган ситуацион марказ сунъий интеллект ёрдамида ижтимоий ва коммунал соҳалардаги муаммоларни узлуксиз мониторинг қилиш ҳамда аҳоли билан доимий онлайн алоқа ўрнатиш имконини беришини инобатга олиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Сенат қўмитаси раиси А.Эшмуродов томонидан бугунги кунда туман маҳаллаларидаги аҳвол, жиноятчилик кўрсаткичлари, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлиги, Сенат ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ҳамкорлик алоқалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сессия якунида келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди. Тегишли қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА