Болажонлар учун байрам туҳфаси
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ширин шаҳри аҳли учун қувончли воқеа юз берди. Шаҳарнинг “Дўстлик” маҳалласида жойлашган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова, нуронийлар, маҳалла фаоллари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёш авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида барпо этилди. Лойиҳани амалга ошириш учун жами 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Маълумотларга кўра, муассасанинг аввалги биноси 1969 йилда қурилган бўлиб, 110 нафар тарбияланувчига мўлжалланган эди. Узоқ йиллар давомида фойдаланилган мазкур иншоот вақт ўтиши билан эскириб, замонавий таълим талабларига тўлиқ жавоб бермай қолган эди.

Янги қурилган боғча эса 170 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга. Муассасада кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, замонавий ўқув жиҳозлари, болаларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, хавфсизлик талаблари ва санитария меъёрлари тўлиқ таъминланган.

Энг муҳими, мазкур муассаса болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, иқтидор ва қобилиятларини эрта аниқлаш ҳамда баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Янги боғчанинг ишга туширилиши орқали маҳаллада мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш имкони пайдо бўлди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида фойдаланишга топширилган ушбу замонавий таълим маскани шаҳримиз фарзандлари учун муносиб байрам совғаси бўлиб, уларнинг бахтли ва фаровон келажаги йўлидаги яна бир муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири