Ўзбекистон – Германия: сиёсий ишончдан технологик шерикликкача
Ўзбекистоннинг Европа билан муносабатида Германия алоҳида ўрин тутади. Буни фақат Берлиннинг кўҳна қитъадаги сиёсий вазни ёки иқтисодиёти кўлами билан изоҳлаш етарли эмас. Асосий жиҳат шундаки, ГФР Ўзбекистон учун бир вақтнинг ўзида технология, саноат ускуналари, молиявий институтлар, касбий таълим ва кадрлар тайёрлаш бўйича таянч шерик бўлиб қолмоқда.
Шу боис Ўзбекистон – Германия муносабатини оддий ташқи савдо алоқаси сифатида эмас, балки саноатни янгилаш, молиявий инфратузилмани кучайтириш, инсон капитали сифатини оширишга қаратилган узоқ муддатли шериклик дея баҳолаш мумкин.
2025 йил якуни кўрсатдики, бу шериклик сиёсий мулоқот ёки рамзий ташриф босқичида тўхтаб қолмаган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йил ГФР ташқи савдо ҳамкорларимиз орасида 1 427.7 миллион долларлик айланма билан етакчилар қаторида турди. 2024 йил ушбу кўрсаткич 1 253.4 миллион доллар эди. Расмий статистика идораси – “Destatis” ҳам ўзаро ташқи савдода яққол ўсиш кузатилганини таъкидлаган.
Ўзбекистон – Германия муносабати ижобий томонга кескин ўзгариши 2024 йил Остонада бўлиб ўтган иккинчи “Марказий Осиё – Германия” саммити натижасига бевосита боғлиқ. Ушбу анжуманда сармоя ва технология, муҳим хом ашё, яшил энергия, транспорт ва логистика, иқлим, таълим ва маданият устувор йўналишлар сифатида муҳокама қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев ГФР билан амалий шерикликни кучайтириш, етакчи немис компания ва банкларини қўшма лойиҳаларга жалб қилиш, “Марказий Осиё – Германия” инвестор ва тадбиркорлар кенгашини тузиш, ҳамда сармояни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича кўп томонлама механизм ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган.
Жорий йил 11 февраль куни Берлинда Германия ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари қабул қилган декларация эса ушбу сиёсий йўлнинг кейинги босқичини белгилади. Мезбон мамлакат ТИВ расмий баёнотида, жумладан, энергия соҳасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Транскаспий транспорт йўлагини такомиллаштириш учун 2,7 миллион евро ажратилгани эътироф этилган.
2025 йил якунига кўра, Германия билан савдода машина ва транспорт ускуналари улуши 33,8 фоизга тенг. ГФР айни йўналишда биз учун энг муҳим етказиб берувчи ҳисобланади.
Ўтган йил кузда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Германияда Жаҳон халқаро молиявий марказлари альянси йиғилиши доирасида қатор учрашувлар ўтказди. Ўша ташриф давомида имзоланган “Frankfurt Main Finance” билан ҳамкорлик меморандуми молиявий соҳани ривожлантириш, институционал шериклик тамойилини белгилашга қаратилган. Ташриф давомида “Deutsche Bank” раҳбарияти билан ҳам музокара ўтказилган.
Мазкур ҳужжат Европанинг энг муҳим молиявий марказларидан бири ҳисобланган Франкфурт билан халқаро молия институти, сармоя майдони каби механизмлар доирасида яқинлашиш имконини беради. Қолаверса, бу ҳужжат молиявий ҳамкорликни расмий учрашувлар даражасидан институционал шериклик даражасига кўтаради.
Эндиликда олмон компаниялари Ўзбекистонни бозор эмас, ишлаб чиқариш майдони сифатида кўра бошлади. Шавкат Мирзиёевнинг Германия етакчи компаниялари ва банклари вакиллари билан Самарқанддаги учрашувида KNAUF, “Gunter Papenburg”, CLAAS, “Siemens Energy”, “Aurubis”, “Ernst Klett”, “Siemens Healthineers”, “Herrenknecht”, “DB Engineering & Consulting”, “Svevind Energy”, “Rhenus”, “HMS Bergbau” каби йирик компаниялар қатнашган. Шу рўйхатнинг ўзиёқ амалдаги муносабатнинг асл мазмунини кўрсатади: қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, металлургия, таълим, тиббий технология, туннель қазиш, логистика ва хом ашё. Демак, ГФР республикамизга оддий экспорт бозори эмас, балки кўп соҳали технологик шериклик майдони сифатида қарамоқда.
Бугунги кунда ҳукуматлараро мулоқот хусусий сектор даражасига кўчган. Масалан, “Siemens Energy” ва “Siemens Healthineers” компаниялари энергетика модернизацияси ва тиббиёт технологияси йўналишида улкан салоҳият мавжудлигини эътироф этган. CLAAS ва аграр техника билан боғлиқ бошқа ҳамкорлар диёримиз қишлоқ хўжалигида механизация ҳиссасини оширишга ҳисса қўшиш ниятида. “Herrenknecht” ва “DB Engineering & Consulting” каби корхоналар эса транспорт, инфратузилма лойиҳалари учун олмон технологияси ва муҳандислик хизматини жалб қилишга тайёр.
Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичининг муҳим белгиси сифатида яшил иқтисодиёт ва рақамли трансформация ҳам кун тартибига чиққан. хусусан, Германия Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йил февраль ойида қабул қилинган Берлин декларациясида қайта тикланувчи энергия, қувват самарадорлиги ва “яшил водород” йўналишларини Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорлик асоси сифатида қайд этган. Бу тасодифий эмас. Зеро, ГФР ташқи сиёсати ва иқтисодий дипломатиясида “яшил саноат”, водород, иқлимга мослашув ва барқарор таъминот занжири тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Ўзбекистон ҳам 2025 йил инвестиция дастурида яшил трансформацияни устувор йўналиш этиб белгилаган. Яъни, шерикликнинг кейинги босқичида айнан яшил энергия, қувват самарадорлиги, тоза саноат ва ишлаб чиқаришда ресурс тежамкорлиги асосий омилларга айланиши эҳтимоли юқори.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА