Бўлажак Олимпия чемпионлари етишиб чиқадиган “олтин бешик”
Муносабат
Тарих саҳифаларига назар ташласак, ҳар қандай юксалиш ва маданий тамаддун замирида, аввало, жисмонан соғлом ва руҳан тетик авлод турганига гувоҳ бўламиз. Қадимги Турон заминида ҳам алп йигитлар ва паҳлавонлар тарбияси давлат аҳамиятига молик иш ҳисобланган.
Бугун Янги Ўзбекистон пойдевори қурилаётган даврда спорт соҳасининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бу нафақат жисмоний тарбия, балки миллат генофондини асраш, халқнинг иродасини тоблаш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадамдир.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланганидек, спорт – шунчаки мусобақа эмас. Бу матонат мактаби, Ватан байроғини кўкка кўтариш бахти ва миллий ғурурнинг олий ифодасидир. Спортнинг оммавийлигини таъминлаш учун, энг аввало, шароит ва муҳит керак. Илгари спорт машғулотлари фақат йирик шаҳарлар ёки ихтисослаштирилган марказларда жамланган бўлса, бугун манзара бутунлай ўзгарган.
Охирги тўққиз йил ичида спорт инфратузилмасига киритилган инвестициялар ва барпо этилган объектлар сони ўн йилликларга татигуликдир. Хусусан, 1,5 мингдан зиёд маҳаллада 1 774 та замонавий спорт майдончасининг қад ростлаши бу қишлоқ ёшларининг ҳам катта спортга кириб келиши учун ташланган илк қадам бўлди. 200 дан ортиқ йирик спорт саройи ва 4 мингга яқин хусусий клублар фаолият бошлаши эса соҳада соғлом рақобат муҳитини яратди.
Бугун энг чекка овуллардаги болалар ҳам замонавий мини-футбол майдонида тўп суриш, татамида кураш тушиш имконига эга. Бу инфратузилма бўлажак Олимпия чемпионлари етишиб чиқадиган “олтин бешик”дир. Зеро, катта зафарлар айнан маҳалладаги кичик спорт майдонларидан, мактабнинг оддий спорт залидан бошланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон спортчиларининг халқаро ареналардаги иштироки бугунги кунда “Ўзбек мактаби” деган тушунчани мустаҳкамлади. Биргина ўтган йилнинг сарҳисобига назар ташлайлик: 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медали. Бу шунчаки статистика эмас, минглаб ёшларнинг уйқусиз тунлари, тинимсиз машқлари ва Ватанга бўлган чексиз муҳаббатининг маҳсулидир.
Шунингдек, 50 нафардан зиёд спортчимизнинг жаҳон ва Осиё рекордларини янгилагани бизнинг нақадар улкан салоҳиятга эга эканимизни кўрсатади. Олимпия ва Паралимпия жамоалари таркибининг мос равишда икки ва уч баробарга ортиши бу тизимли селекция натижасидир. Эндиликда биз фақатгина яккакураш турларида эмас, балки қиличбозлик, камондан отиш, сузиш каби техник ва мураккаб спорт турларида ҳам жаҳон етакчилари билан тенгма-тенг беллашмоқдамиз.
Паралимпиячиларимизнинг иродаси эса алоҳида таҳсинга лойиқ. Улар ўзларининг матонати билан инсон имкониятлари чексиз экани, жисмоний ҳолат руҳий тетиклик олдида иккинчи даражалигини бутун дунёга исботлаб келмоқда.
Ҳар қандай ислоҳот муаммоларни мардлик билан тан олиш ва уларга ечим излашдан бошланади. Тўғри, ютуқларимиз кўп, аммо ҳали олдимизда турган тўсиқлар ҳам талайгина.
Хусусан, айрим таълим муассасаларида спорт тўгараклари фақат ҳисобот учун ташкил этилгани, мактаблардаги спорт залларининг юкламаси пастлиги аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги таҳлил қилинганда, айрим ҳудудларда нормативларнинг бажарилиши қониқарсиз экани кўзга ташланади. Бу муаммони ҳал этиш учун “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири жорий этилади. Бу занжирнинг ҳар бир бўғини ўз вазифасига эга.
Қолаверса, спорт фақат медаллар учун эмас, биринчи навбатда, соғлом миллат учун керак. Бугун дунёда ноинфекцион касалликлар – юрак-қон томир хасталиклари, қандли диабет, семизлик каби муаммолар глобал хавфга айланмоқда. Ўзбекистон бу борада профилактик тиббиёт ва оммавий спортни уйғунлаштириш йўлидан бормоқда.
Эндиликда ҳудудий раҳбарларнинг фаолияти фақат қурилган бинолар сони билан эмас, балки аҳоли ўртасида касалликларнинг камайиши, жисмоний фаоллик даражасининг ошиши билан баҳоланади. “Соғлом ҳаёт волонтёрлари” ҳаракатининг ташкил этилиши жамиятда ижтимоий масъулиятни кучайтиради. Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғи учун масъул эканини англаши, кундалик пиёда юриш, бадантарбия машқлари ҳаёт тарзига айланиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки вақтинчалик чора-тадбирлар эмас. Бу халқнинг турмуш тарзини ўзгартириш, янги авлодни кучли, иродали ва ватанпарвар қилиб тарбиялашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир.
Мақсад спортни ҳар бир хонадонга олиб кириш. Чунки соғлом онадан соғлом бола туғилади, жисмонан бақувват ёшлардан қудратли миллат шаклланади. Халқаро майдонларда ҳилпираётган байроғимиз, янграётган мадҳиямиз эса Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати ва жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнининг ифодаси саналади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА