Болаларга беринг дунёни!
Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ёзнинг илк куни — 1 июнь болаларнинг энг севимли байрамларидан бири сифатида нишонланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу сана болажонларга меҳр-эътибор кўрсатиш, уларнинг қалбига қувонч улашиш ва бахтли келажаги ҳақида яна бир бор ўйлаш куни сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади”.

Мазкур эзгу ғоялар бугун амалий ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари Камол Намазов бошчилигида фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларининг Қарши шаҳрида жойлашган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги “Имкон” реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ташрифи ҳам ана шундай эзгу ташаббуслардан бири бўлди.

Ташриф давомида марказда тарбияланаётган болажонларнинг иқтидори, уларнинг ҳаётга бўлган интилиши ва ижодий қобилиятлари билан яқиндан танишилди. Айниқса, чекланган имкониятларга қарамасдан ўз истеъдодини намоён этишга интилаётган болаларнинг матонати ва ғайрати барчада чуқур таассурот қолдирди. Бу эса, шубҳасиз, мураббийларнинг фидокорона меҳнати ва тарбиядаги масъулиятли ёндашувининг ҳам самарасидир.

Тадбир давомида куй-қўшиқлар янграб, болалар учун ҳақиқий байрам муҳити яратилди. Қувончга тўлган юзлар, самимий табассум ва беғубор қалблар бу куннинг энг гўзал манзарасига айланди.
Шунингдек, таълим муассасаси эҳтиёжидан келиб чиқиб, суд тизими вакиллари томонидан совғалар топширилди. Бу эътибор ва ғамхўрлик болажонлар қалбида янада илиқ туйғулар уйғотди.
Дарҳақиқат, болага берилган меҳр — келажакка қўйилган энг мустаҳкам сармоядир. Чунки болалар қувончи бор жойда эзгулик, меҳр ва ҳаётга ишонч бўлади. Бу кун эса болалар хотирасида унутилмас ва қувончли онлар сифатида муҳрланиши шубҳасиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА