Болалар тақдирига хизмат қилган уч йил: меҳр, ҳимоя ва янги имкониятлар
Сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилган ўзгаришлар минглаб болалар ва ёшлар ҳаётида янги саҳифа очди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилганидан буён болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир бола учун муносиб келажак яратиш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланди.
Бугунги кунда агентлик томонидан қарийб 8 минг нафар етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий аҳволи мунтазам кузатиб борилмоқда. Уларнинг таълим олиши, саломатлиги, яшаш шароити ва келажак режалари доимий эътибор марказида.
Ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётган “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури эса кенг қамровли лойиҳага айланди. Бугунга қадар 11 минг нафардан зиёд бола мазкур дастур билан қамраб олиниб, улар учун ижтимоий кўмакнинг 13 тури жорий қилинди.
Энг муҳим янгиликлардан бири — болаларни муассасаларда тарбиялаш амалиётидан воз кечилиб, оилавий муҳитни кучайтиришга қаратилган ёндашув бўлди. Натижада мамлакат бўйлаб оилавий болалар уйлари сони уч баробардан ортиқ ошди. Юзлаб болалар меҳр ва ғамхўрлик муҳитига қайтарилди, болалар уйларининг аксарияти эса ўз фаолиятини тугатди.
Шу билан бирга, Бахт шаҳри ва Чиноз туманидаги ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти тугатилиб, у ерда тарбияланаётган 228 нафар бола оила бағрига қайтарилди. Бу эса боланинг табиий оилавий муҳитда улғайиши ҳар қандай муассасадан муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади.
Хорижда турли сабабларга кўра ота-она қарамоғисиз қолган 239 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилиши ҳам инсонпарварлик сиёсати самараларидан бири бўлди.
Ёшларнинг мустақил ҳаётга ишонч билан қадам қўйиши учун ҳам қатор имкониятлар яратилди. Сўнгги уч йилда қарийб икки минг нафар ёш уй-жой билан таъминланди, икки мингдан зиёд йигит-қизлар эса олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилинди.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оналар ва болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат бўйлаб фаолият юритаётган “Она уйлари” орқали юзлаб оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу масканлар кўплаб аёллар ва фарзандлар учун қийин вазиятдан чиқиш имконини берди.
Соҳада ҳуқуқий ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилди. Болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун қабул қилиниб, 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди. Шунингдек, профессионал тутинган оила ва “Меҳрли оила” хизматлари йўлга қўйилди, юзлаб психологлар махсус тайёргарликдан ўтказилди.
Уч йиллик фаолият натижалари рақамлар билан эмас, балки минглаб болаларнинг тақдиридаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Оила бағрига қайтган болалар, таълим олиш имконига эга бўлган ёшлар, янги уйга кўчиб ўтган битирувчилар — буларнинг барчаси ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Муҳайё Тошқораева
ЎзА