Боксчиларимиз бугунги баҳсларни ғалаба билан бошлади
Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида бокс бўйича давом этаётган Осиё чемпионатида саралаш баҳслари давом этмоқда. Мусобақанинг 2 апрель кунидан ўрин олган беллашувларида бугун 3 нафар вакилимиз рингга кўтарилиши ойдинлашган эди.
Ушбу боксчиларимиз орасида бугунги беллашувларни вазни -65 кг. бўлган Абдуллоҳ Мадаминов бошлаб берди. Чарм қўлқоп устамиз саралашда сингапурлик Каелан Кларк билан рақобатлашди ва 3-раундда рақибини техник нокаутга учратди.
Энди вазни 80 килограммгача бўлган Фазлиддин Эркинбоев қирғизистонлик Сағин Сатибалди Уулуга қарши жанг ўтказса, 90 килограммдан оғир вазн тоифасида Арман Маханов мезбон боксчи Бекнур Хали билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА