Тўхтанг, қўриқхоналар бедарвоза эмас
Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон” давлат қўриқхонаси ходимлари навбатдаги тезкор рейд тадбирлари чоғида қўриқхонанинг “Шалқон”, “Хатак” ва “Хўжанқо” бўлимларида бир гуруҳ фуқаро қўриқхона тартибини қўпол бузиб ҳаракатланаётганига дуч келди.
Денгиз сатҳидан 850 метрдан 3 минг 137 метргача баландликда жойлашган ноёб наботот ва ҳайвонот оламига эга ҳудуд 23 минг 802 гектарни ташкил этади. Унинг 12 минг 230 гектардан ортиғи яшил бойлик билан бурканган.

Кўҳитанг тоғ бағридаги мафтункор ва сўлим масканда 900 дан ортиқ турдаги ўсимлик ўсади. Бу ердаги Қўқон зағозаси, Литвинов лолақизғалдоғи, Максимович равочи, Грек ёнғоғи, аччиқ ҳамда тиканакли бодом, сохта янтоқ, дуғбай сингари 20 га яқин ўсимлик “Қизил китоб”га киритилган. Шунингдек, 26 тур сут эмизувчи умуртқали жонивор, 137 тур қуш, 24 тур судралиб юрувчи, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 5 турдаги балиқни учратиш мумкин. Уларнинг ҳам 25 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”дан жой олган.

Она табиат инъом этган бу бойликларни сақлаб қолиб, ривожлантириш йўлида кенг қамровли ишлар олиб борилаётган бир пайтда қўриқланадиган ҳудудга фуқароларнинг рухсатсиз кириб юргани қўриқчилар эътиборидан четда қолмади. Ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 82-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли чора кўрилди. Ноёб қўриқхонани бедарвоза, дея хом хаёл сурган шахсларнинг ҳар бири 4 миллион 120 минг сўмдан жарима тўлайдиган бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунига кўра, мамлакатимиздаги давлат қўриқхоналарида ҳар қандай фаолият тақиқланиб, тегишли рухсатномага эга фуқаролар ҳудудда бўлиши белгилаб қўйилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири