БМТ Бош котиби: Биз катта уруш ёқасида турибмиз
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Яқин Шарқ инқирозининг иккинчи ойи бошланган бир пайт "кенг кўламли вайронагарчилик" кучайиб бораётганидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, дунё бутун минтақани қамраб олиши ва глобал миқёсда ҳалокатли оқибатга олиб келиши мумкин бўлган катта уруш ёқасида турибди.
- Бу можаро аллақачон ҳамма жойда сезилмоқда, - дейди Бош котиб. - Биз буни озиқ-овқат ва ёнилғи нархи кўтарилишига дуч келаётган одамларнинг кундалик ҳаётида, Филиппин, Шри-Ланка, Мозамбик ва бошқа юртларда кўряпмиз. Низо шунчаки ҳал этилмайди, фақат етакчилар вайронагарчилик ўрнига мулоқотни танлаганларидагина тугайди. Тўғри танлов бор ва бу дарҳол амалга оширилиши керак.
Пайшанба куни Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида журналистлар билан суҳбатлашаркан, Гутерриш "инқироздан тинч йўл билан чиқиш йўлини топиш"га қаратилган дипломатик саъй-ҳаракат заруратини яна бир бор таъкидлади.
- Томонлар билан яқин алоқадамиз, ечим топишни осонлаштириш учун элчи Жан Арнони минтақага юборяпмиз, - дея таъкидлади мулозим.
Бош котиб Қўшма Штатлар ва Исроилни урушни тўхтатиш, Эронни эса қўшни давлатларга ҳужум қилмасликка чақирди.
Г.Сатторова, ЎзА