Битирувчилар парвозга тайёр
Навоий давлат университетида битирувчиларга диплом топшириш тадбири бўлиб ўтди. 2025-2026 ўқув йилида Навоий давлат университетини 4889 нафар, жумладан, 35 та бакалавриат таълим йўналишини 4662 нафар ва 18 та магистратура мутахассислиги бўйича эса 227 нафар талаба тамомлади.
– Ушбу олийгоҳ нафақат вилоятимизда, балки республикада ҳам ўз ўрнига эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади, – дейди университет ректори Муҳиддин Калонов. – Бугун 43 йиллик тарихга эга бўлган ушбу муассаса битирувчилари ўз соҳаларининг етук мутахассислари сифатида меҳнат бозорига кириб келмоқда. Бу ерда ёшларнинг баркамол шахс сифатида таълим ва тарбия олишлари учун барча имкониятлар яратилган. Университетимизда таълим сифати, инклюзив муҳит, экологик масъулият ва ижтимоий фаровонликка қаратилган ишлар тизимли йўлга қўйилган. Навоий давлат университети нуфузли Times Higher Education Impact Rankings 2026 халқаро рейтингида 601-800 ўринлар оралиғидан жой олди. Мазкур натижа мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, хусусан, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини кенгайтириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасидир.
Албатта, бугунги кунда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилмоқда. Уларнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда, Янги Ўзбекистон давлатини барпо этишдаги иштироки кенгаймоқда.
[gallery-30441]
– Инсон учун энг катта бахт илм йўлида эришган ютуқларидир. Бугун университетни тамомлаб, магистр даражасига эришдим, – дейди Шаҳноза Маҳмудова. – Бугун биз каби битирувчилар учун унутилмас дақиқалардан бири бўлмоқда. Устозлар қўлидан магистр дипломини олар эканман, уларнинг тилаклари менга катта далда ва ғурур бағишлади. Менинг шу даражага етишишимга, қатор муваффақиятларга эришишимда устозларимнинг хизмати жуда катта. Уларга минг раҳмат.
Тадбирда бир гуруҳ бакалавриат ва магистратура босқичини тамомлаган талабаларга дипломлар топширилди.
Абдували Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари