Биродар шаҳарлар ёшларни экодипломатия атрофида бирлаштирди
Пойтахтимиздаги Ашхобод сайилгоҳида “Тошкент – Ашхобод биродар шаҳарлар: ёшларни бирлаштирувчи маскан ва экодипломатия сари қадам” мавзусида кенг қамровли эко-тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбир Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси билан Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамда Ёш волонтёрлар академияси ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, дўстлик жамиятлари, ҳамкор ташкилотлар, хорижий талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида 2017 йилда ўрнатилган биродарлик алоқалари бугунги кунда маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, мазкур дўстона муносабатларнинг амалий ифодаси сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи ва Тошкент шаҳрида “Ашхобод” боғининг ташкил этилгани икки халқ ўртасидаги самимий алоқаларнинг ёрқин тимсоли экани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари туркман халқига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида Тошкент шаҳри марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилганини алоҳида эътироф этди. Бу эса икки халқ ўртасидаги маънавий яқинлик ва тарихий умумийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Эко-тадбир доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшлар ўртасида экологик маданиятни ошириш ва экодипломатияни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан кўчат экиш акцияси ва экологик тарғибот ишлари амалга оширилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА