Мактаб маслаҳатчиси лавозими учун синовлар давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги “Келажак” марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026 йил 8 январдаги буйруғига мувофиқ шаҳар ва туман “Келажак” маркази директори ва ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими учун тест синови ва суҳбат ўтказилиши белгиланган.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси “Келажак” маркази томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритадиган мактаб маслаҳатчиси лавозимига номзодларни саралаш мақсадида жараёнлар давом этмоқда.
Мазкур танлов жараёни очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда тест синовлари онлайн шаклда, махсус платформа орқали реал вақт режимида ўтказилади. Унда номзодларнинг касбий билим даражаси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича саводхонлиги, ёшлар билан ишлаш кўникмалари, маънавий-маърифий фаолиятни ташкил этиш қобилияти баҳоланади.
Жараён давомида аудиторияларнинг техник тайёргарлиги, компьютер ва интернет тармоғининг узлуксиз ишлаши ҳамда назорат механизмларининг шаффофлиги таъминланмоқда. Тест синовлари мактаб маслаҳатчиси лавозими учун танловнинг иккинчи мавсуми якунларига кўра, tanlov.uzedu.uz платформаси орқали мамлакатимиздаги жами 7 минг 641 та умумтаълим мактаби учун 42 минг 934 та ариза келиб тушган. Шулардан малака талабларига мос келган 38 минг 299 нафар талабгор тест босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.
Танловнинг биринчи босқичи Оролбўйининг 14 та ҳудудида 18 майдан 22 майгача ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 619 та мактабга 5 минг 399 нафар номзод ариза топширган бўлиб, шундан 5 минг 152 нафари тест синовларида қатнашмоқда. Улардан муваффақиятли ўтган номзодлар суҳбат босқичида иштирок этади.
[gallery-29546]
Суҳбат жараёнида номзодларнинг лидерлик ва ташаббускорлик салоҳияти, амалий тажрибаси, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти, ёшлар билан ишлашдаги ёндашуви баҳоланади. Суҳбат тасдиқланган комиссия томонидан белгиланган тартиб асосида ўтказилади.
Танлов жараёнларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида апелляция механизми йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар қонунчилик асосида кўриб чиқилади.
“Келажак” маркази мазкур танлов орқали мактабларда маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш, ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда малакали, фидойи кадрларни саралашни мақсад қилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.