Билим, тажриба ва ҳамкорлик бор жойда тараққиёт бўлади
Жиззах вилоятининг олис Арнасой туманидаги 20-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ўқув-семинар мазмун-моҳияти ва қамрови билан оддий маҳаллий тадбир доирасидан чиқиб, таълим соҳасидаги илғор халқаро мулоқот майдонига айланди. Инглиз тилида олиб борилган машғулотлар, хорижий ва маҳаллий педагоглар ҳамкорлиги мазкур ташаббусни республика ва ҳатто халқаро аҳамиятга эга воқелик сифатида намоён этди.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш, таълим самарадорлигини оширишда рефлексив ёндашув ва ижтимоий-эмоционал таълимни уйғунлаштириш мавзусига бағишланган семинарда Жиззах воҳаси мактабларининг инглиз тили ўқитувчилари фаол иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади замонавий педагогик ёндашувларни чуқур ўзлаштириш, уларни амалиётга самарали жорий этиш ҳамда турли тажриба ва мактабларни бир нуқтада бирлаштиришдан иборат бўлди. Айниқса, халқаро ўқитувчи иштирокидаги дарслар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Семинар Педагогик маҳорат маркази методистлари Маҳкам Қувватов, Наргиза Мирзабекова ва Наргиза Аҳмедовалар ҳамда 20-мактаб ўқитувчиси Сардор Норқулов, филиппинлик халқаро мутахассис Лорензо Тагуинод Еспарас томонидан инглиз ва ўзбек тилларида олиб борилди. Бу эса иштирокчиларга назарий билимларни бевосита амалиёт билан уйғунлаштириш имконини яратди.
Машғулотлар давомида рефлексив ўқитиш усуллари, ўқувчиларнинг ижтимоий-эмоционал ривожини қўллаб-қувватлаш, дарс жараёнида интерактив ва ҳамкорликка асосланган ёндашувларни қўллаш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Таълим соҳасидаги халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий-эмоционал таълим(SEL)ни дарс жараёнига интеграция қилиш ўқувчиларнинг нафақат академик натижалари, балки мулоқот, жамоада ишлаш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ҳам сезиларли даражада ривожлантиради.
Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Унда таълим жараёнига халқаро стандартларни жорий этиш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш устувор йўналиш сифатида белгилаб берилган.
[gallery-28599]
Арнасойдаги мазкур семинар ана шу вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлди. Энг чекка ҳудудда ҳам халқаро тажриба билан ҳамқадам бўлиш, инглиз тилида эркин мулоқот муҳитини яратиш орқали ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш мумкинлиги яна бир бор исботланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди, янги ғоя ва ёндашувлар билан бойиди.
Арнасойда ўтказилган ушбу семинар бир ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатди: замонавий таълим учун масофа тушунчаси йўқ – билим, тажриба ва ҳамкорлик бор жойда тараққиёт бўлади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари