“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг маҳалла босқичи ўтказилмоқда
Шу кунларда мамлакатимизда ёшлар ўртасида ўтказилиши белгиланган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг воркаут, стритбол ва халқ ўйинлари мусобақаларининг маҳалла босқич баҳслари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 30 мартидан бошланган “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари ишлаб чиқилган низомга мувофиқ жойларда маҳалла ёшларининг қизиқарли беллашувлари кўринишини олмоқда.
Наврўз умумхалқ байрами билан вобаста тарзда кечаётган баҳсларда ёшлар “ERP Sport” ягона электрон платформадан рўйхатдан ўтиш асосида иштирок этмоқда.

– “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида бу йилдан янги қўшилган халқ ўйинларининг маҳалла босқичи бошқа спорт турларига қараганда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, халқ ўйинларининг арқон тортиш, тош кўтариш, арғимчоқда сакраш йўналишларидаги беллашувларни ташкил этиш қулайлиги билан алоҳида ажралиб турганлигини таъкидлаш лозим. Бунинг учун спорт инвентарларига талабнинг у қадар юқори эмаслиги, ёшларнинг қизиқиши юқорилиги талабгорлар сони ортишига таъсир кўрсатмоқда, – дейди спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Шерзод Олимов.
Бугунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сурхондарё, Навоий, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё ва пойтахтимизнинг кўплаб маҳаллаларида мусобақалар юқори савияда ташкил этилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг маҳалла босқич мусобақалари 4 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА