“Беш ташаббус олимпиадаси”: Ёшлар фаоллигини намоён этмоқда
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида китобхонлик, маданият ва санъат фестиваллари қаторида интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.
Хусусан, Янгиҳаёт туманида маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг енгил атлетика тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда ёшларимиз 16-21, 22-26 ҳамда 27-30 ёш тоифасида баҳс олиб борди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 2026 йилга бориб 33 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида миллий спорт турларини оммалаштириш, миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уни юқори даражада ташкил этиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантириш вазифалари белгиланган.

Шу муносабат билан ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида йигит-қизлар узунликка сакраш, 60 метрга югуриш, 100 метрга югуриш, 200 метрга югуриш ҳамда 400 метрга югуриш бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА