Гулистонда кучлилар беллашди
Гулистон шаҳри баскетбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси кубоги баҳсларига мезбонлик қилди. Сирдарё вилояти Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг замонавий спорт мажмуасида ўтказилган мусобақада мамлакатнинг энг кучли жамоалари бош соврин учун ўзаро куч синашди.
Нуфузли турнир давомида Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда бошқа ҳудудлар вакиллари ғолиблик учун муросасиз баҳс олиб боришди. Ҳар бир учрашув юқори суръат, кескин кураш ва мухлисларни ҳаяжонга солган қизиқарли вазиятларга бой бўлди.
Якуний натижаларга кўра, Самарқанд вилояти жамоаси Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди. Тошкент вилояти баскетболчилари иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, мусобақа мезбони Сирдарё вилояти жамоаси муносиб ўйин намойиш этиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақа давомида иштирокчилар нафақат юқори спорт маҳоратини, балки жамоавий ўйин, тезкор қарор қабул қилиш ва ғалаба учун курашиш иродасини ҳам намоён этишди. Учрашувларни кузатган спорт ихлосмандлари таъсирчан комбинациялар, узоқ масофадан аниқ ташланган тўплар ва кескин рақобат муҳитининг гувоҳи бўлишди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай мусобақалар баскетболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларнинг маҳоратини ошириш, ҳудудлар ўртасида спорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат терма жамоаси учун муносиб захира тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Гулистон шаҳрида юқори савияда ташкил этилган Ўзбекистон кубоги баҳслари яна бир бор юртимизда баскетболга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини намоён этди. Турнир эса спортчилар учун катта тажриба мактабига, мухлислар учун эса ҳақиқий спорт байрамига айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири