Беларусдан Ўзбекистонга янги юк поезди қатнови йўлга қўйилди
Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, жорий йилнинг 30 июль куни Беларусь Республикасининг Орша-Восточная станциясидан Ўзбекистоннинг Чуқурсой станциясига йўл олган «Славян карвони» номли биринчи тўғридан-тўғри блок-пойезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигида муҳим воқеа бўлди.
Янги темир йўл йўлаги экспорт-импорт ташувларини жадаллаштириш, юкларни тез ва ишончли етказиб бериш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июль куни Беларусь Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий натижаси ҳисобланади. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида мунтазам блок-поездлар ҳаракатини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинган эди.
Ушбу келишувлар ижроси доирасида «Славян карвони» номи билан илк тўғридан-тўғри блок-поезд ўз ҳаракатини бошлади. 71 шартли вагондан иборат юк поезди таркибида ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари, шакар, озиқ-овқат маҳсулотлари, омихта емлар ҳамда бошқа турдаги юклар ташилмоқда. Дастлабки босқичда қатновларни ойига икки марта амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, келгусида юк оқимига қараб рейслар сонини кўпайтириш имконияти ҳам кўриб чиқилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур йўналиш нафақат икки давлат ўртасидаги юк ташиш ҳажмини ошириш, балки халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва логистика харажатларини камайтириш имконини ҳам беради. Бу эса экспортёрлар ва импортёрлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиб, ташқи савдо операцияларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, янги темир йўл йўналиши Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, халқаро юк ташувлари географиясини кенгайтириш ҳамда минтақавий логистика марказлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини оширади.
«Ўзтемирйўлконтейнер» акциядорлик жамияти мазкур йўналиш бўйича импорт ва экспорт юкларини ташиш учун комплекс транспорт-логистика хизматларини таклиф этади. Корхона халқаро юк ташувларида замонавий сервис, ишончли логистика ечимлари ва юкларни белгиланган муддатларда манзилга етказиш бўйича хизматлар кўрсатиб келмоқда.
Янги блок-поезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Евроосиё маконида янги транспорт имкониятларини яратиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА