Нуротада 30 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда
Навоий вилояти Нурота туманида қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган замонавий гранит қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев Хитойнинг “Zhong Lei Mining” корхонаси таъсисчилари билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиш босқичлари, қурилиш ишларининг бориши, ишлаб чиқариш қувватлари ва истиқболдаги режалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Лойиҳага мувофиқ, туманнинг “Нурота гранит парки” кичик саноат зонаси ҳудудида гранитни қайта ишлаш заводи барпо этиш учун 6,2 гектар, Сувлиқ маҳалласи ҳудудида гранит қазиб олиш ишларини ташкил этиш учун эса 10 гектар ер майдони электрон аукцион орқали ажратилган.

Мазкур корхона фаолияти йўлга қўйилиши натижасида маҳаллий табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, гранит маҳсулотларини юқори қўшилган қиймат асосида қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаяди.
Энг муҳими, лойиҳанинг ишга туширилиши орқали янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади. Шунингдек, Нурота туманининг саноат салоҳияти ва экспорт ҳажми янада ошади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири