Байрамга 60 та маҳаллада 49 та янги иншоот совға қилинмоқда
Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги Сополлитепа маҳалласида Ислом тараққиёт банки иштирокида БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш лойиҳаси маблағи ҳисобидан барпо этилган 90 ўринли 33-давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда истиқлол шарофати билан мамлакатимизда қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳарникидан қолишмайдиган шароитлар яратишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Барча қулайликларга эга замонавий таълим, тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, кенг, равон йўллар қурилаётгани, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланаётгани қайд этилди.

Маҳаллада қад ростлаган икки қаватли мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг ҳар тарафлама соғлом камолга етиши учун зарур қулайлик барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланди. Тадбир иштирокчилари янги муассасада келажагимиз эгаларининг сифатли таълим-тарбия олиши, болаликнинг энг ширин дамларини сермазмун ўтказиб, ҳар тарафлама баркамол улғайиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрамига Сурхондарё вилоятида Ислом тараққиёт банки иштирокида БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш лойиҳаси доирасида Ангор, Бойсун, Музработ, Термиз ва Шеробод туманларидан танлаб олинган 60 та маҳаллада 49 та ижтимоий соҳа иншооти туҳфа қилинади.

Улуғ айём арафасида фойдаланишга топшириладиган янги иншоотларнинг 31 таси мактаб, 16 таси мактабгача таълим ва иккитаси тиббиёт муассасаси бўлиб, уларда барча замонавий шароит яратилган. Шунингдек, мазкур маҳаллаларда 965 километр сув, 759 километр электр тармоғи, 26 та сув иншооти, 677,2 километр ички йўл ва 185 та янгиланган трансформатор шохобчаси ишга туширилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири