Тадбиркорлар – юрт тараққиётининг ишончли таянчи
Навоий вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига кўра тақдирланган бир гуруҳ тадбиркорларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлат мукофотларига сазовор бўлган юртдошларимиз ҳамда вилоятимиз фаоллари иштирок этган тантанали маросимда мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ва тадбиркорлик соҳасидаги фаол фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътиборни алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, тадбиркорларимизнинг юртимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ.
Жорий йилда Юртбошимиз фармонига кўра “Гидро станко сервис” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Ҳамроев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони, Ғозғон шаҳридаги “Ғозғон чевар қизлари” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Моҳичеҳра Норбоева ва Хатирчи туманидаги “Султонали Жавоҳир” фермер хўжалиги бошлиғи Инобат Олимова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, Навоий шаҳридаги “Голден лифт” МЧЖ таъсисчиси Жўрабой Жиянов, Кармана туманидаги “Металл маҳсулот заводи” МЧЖ таъсисчиси Шерзодхўжа Темиров, Конимех туманидаги “Навоий дизайн плюс” МЧЖ раҳбари Наврўз Ҳайдаров, Навоий шаҳридаги “Навоий монтаж автоматика” МЧЖ раҳбари Фирдавс Ҳусаинов, Қизилтепа туманидаги “Акобир Маржона орзуси” МЧЖ раҳбари Улаш Шомиевалар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлишди.






Тадбирда бир гуруҳ тадбиркорлар сўзга чиқиб, юксак ишонч, эътибор ва мукофот учун ўз миннатдорлигини билдиришди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири