Амударёга 2,6 тонна балиқ чавоғи юборилди
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги “Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда экологик мувозанатни сақлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорда 2026 – 2030 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларни ҳар йили жами 15 тоннадан кам бўлмаган миқдорда чавоқлантириш орқали уларнинг ихтиофауна популяциясини қайта тиклаш чораларини кўриш белгиланган.

Шу мақсадда Ихтиология ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Экология қўмитаси тавсияларига асосан дарё ва сойларда балиқларнинг мослашувчанлиги чуқур ўрганилиб, уларни кўпайтириш учун табиатга зарур бўлган балиқ турлари (сазан, дўнгпешона ва бошқалар) сув ҳавзаларига қўйиб юборилмоқда.
Мазкур дастур доирасида Нукус шаҳридан оқиб ўтувчи Амударёга 2,6 минг килограмм (2,6 тонна) балиқ чавоғи юборилди. Умумий ҳисобда эса белгиланган режадаги 15 тонна балиқ чавоғининг 5,2 тоннасини Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи Амударёга юбориш кўзда тутилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири