Бадиий соҳада янги ўқув қўлланмалари тақдим этилди
Ўзбекистон Бадиий академиясида тизимдаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари учун 2024 йилда чоп этилган замонавий ўқув адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда ўқув қўлланмаларни яратишда жонбозлик кўрсатган муаллифлар, тақризчилар, нашриёт ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда Илмий-методик кенгаш аъзолари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда мавжуд бадиий таълим йўналишидаги миллий услублар, ишлаш техникаси ва методикани келажак авлодга тўғри етказиш ва уларни сақлаб қолиш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ўқув дастурлар мазмуни тўлиқ қайта кўрилиб, давлат таълим талаблари асосида такомиллаштирилди ҳамда етук соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўқув адабиётлар яратилди.
Мазкур ташаббус илк бор 2022 йилдан бошлаб йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 40 номдаги ўқув қўлланмалар нашр этилди. Бу эса юртимизда бадиий таълим соҳасида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганининг яққол ифодасидир.

Тақдимотда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда бадиий таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилаётган замонавий ўқув адабиётлар ҳамда уларнинг ёш авлодни шакллантиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
У ўз нутқида мазкур ўқув қўлланмалар фақатгина назарий билим манбаи эмас, балки ўқувчиларда ижодий фикрлаш, миллий санъат анъаналарига ҳурмат ва амалий кўникмаларни шакллантирувчи муҳим методик асос эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир давомида сўзга чиққан муаллифлар ва мутахассислар янги ўқув адабиётларининг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ҳамда таълим жараёнидаги ўрни юзасидан фикр билдирди. Ўртага ташланган таклиф ва мулоҳазалар келгусидаги ишларни янада такомиллаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшган фаол ходимлар Ўзбекистон Бадиий академияси раиси томонидан диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА