B2 сертификати йўқ ўқитувчилар ишдан бўшатиладими?
Хорижий тил ўқитувчилари учун B2 сертификати талаби яна кун тартибига чиқди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирча сертификати йўқ педагоглар ишдан олинаётгани йўқ.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчиларининг камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши талаби билан боғлиқ янги тартиб таклиф этилган.
Лойиҳа қабул қилинса, белгиланган сертификатга эга бўлмаган айрим ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилиш имконияти пайдо бўлади. Ҳужжат бўйича таклиф ва мулоҳазалар 12 августга қадар қабул қилинган.
Нега бу масала муҳим?
Аслида B2 талаби янги эмас. 2021 йилда қабул қилинган тартибда давлат таълим муассасаларига янги ишга қабул қилинаётган хорижий тил ўқитувчиларидан камида B2 даражасидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификат талаб қилиниши белгиланган.
Шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ишлаётган барча хорижий тил ўқитувчилари 2025/2026 ўқув йилига қадар камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлиши кераклиги назарда тутилган. Бироқ, сертификатнинг мавжуд эмаслиги меҳнат шартномасини бекор қилиш учун тўғридан-тўғри ҳуқуқий асос сифатида аниқ белгиланмаган эди. Янги лойиҳа айнан шу масалани ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштиришни кўзлаган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кўрсатмасига кўра, ҳозирда B2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари мактабларда фаолиятини давом эттириши мумкин.
Якуний тартиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган қарор билан белгиланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА