Айрим ҳудудларда имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани айтилди
Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди.
Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги глобал тебранишлар шароитида вилоят, туман ва шаҳарларга тадбиркорлик ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун маблағлар кўпайтириб берилаётганини қайд этди.
Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолиши таъкидланди.
Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
ЎзА