Иқтисодий кенгаш ва 9 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилади
Президентимиз глобал иқтисодиётдаги ҳозирги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини қайд этди. Асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик секинлашаётгани маҳаллий корхоналаримизга, айниқса, экспортчиларга таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хатарларни ҳисобга олган ҳолда ўз захираларини сафарбар қилишга тайёр бўлиши шартлиги таъкидланди.
Барча тармоқ ва ҳудудларга “ақл марказлари” бириктирилган. Энди Иқтисодий кенгаш ва 9 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Ишчи гуруҳлар “ақл марказлари” билан бирга 15 августгача тармоқ ва ҳудудлар кесимида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади. Бу таклифлар “ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – бюджетга тушум – экспорт” занжирини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган бўлади.
Давлатимиз раҳбари 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари мутлақо янгича ёндашув – “сафарбарлик сценарийси” асосида тайёрланиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳисобот берди, бугунги топшириқлар ижросини жойларда қандай ташкил қилиши бўйича режаларини айтди.
ЎзА