Аёллар ва болалар ҳуқуқлари — устувор вазифа
Сирдарё вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, адлия ва ички ишлар органлари вакиллари, шунингдек, бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этиб, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор вазифалар, амалий механизмлар ҳамда ҳудудларда олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Семинар давомида фармон ижроси доирасида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, жойларда тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш, шунингдек, жамиятда маиший зўравонлик ва эрта никоҳнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Белгиланган режага мувофиқ, вилоятнинг фаол аёллари ишчи гуруҳ вакиллари раҳбарлигида ҳудудларда кенг қамровли тарғибот ишларини амалга оширади. Улар аҳоли ўртасида фармон мазмун-моҳияти, яратилаётган имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради.

Шунингдек, тарғибот жараёнида мавжуд муаммоларни ўрганиш, аҳоли фикр-мулоҳазаларини тўплаш ва уларни таҳлил қилиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Оила ва хотин-қизлар бошқармасида ўтказилган семинарда 40 дан ортиқ ҳудудий тарғибот гуруҳи аъзоларига амалий кўрсатмалар берилди. Уларга кўргазмали тарқатма материаллар тақдим этилиб, тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот маданияти, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида муҳокама қилиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

– Мазкур ўқув-семинар Президент фармонида белгиланган вазифаларни амалда самарали ижро этиш, жойларда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, тарғибот гуруҳлари салоҳиятини ошириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш орқали мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконияти кенгаяди, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умрзоқова.
Шунингдек, тарғибот тадбирларининг шакли ва амалга ошириш режаси келишиб олинди.
Тарғибот тадбирлари вилоят ҳудуди бўйлаб давом этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири