Аёл ўқитувчи ва ходималар “Вазир кубоги” учун майдонга тушди
Термиз шаҳридаги 26-мактабда аёл устозлар ва мактабгача таълим ташкилотлари ходималари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Вазир кубоги” мусобақаси Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Беллашувнинг қуйи босқичларида вилоятдаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг жамоалари ўзаро куч синашиб, спортнинг волейбол тури бўйича чаққонлик, сезгирлик, тезкор қарор қабул қилиш ва вазиятни баҳолаш қобилиятларини намойиш этди.

Мусобақанинг вилоят босқичида туманлар ва Термиз шаҳри беллашувларида ғолибликни қўлга киритган 15 та энг кучли жамоа майдонга тушиб, унинг мамлакат босқичи йўлланмаси учун ўзаро беллашди.
Муросасиз, қизиқарли баҳсларга бой бўлган мусобақада жамоавий бирдамлик, спортга бўлган меҳр ва юқори тайёргарлик фазилатлари ўз ифодасини топди.

Беллашув якунида Термиз шаҳридаги 9-мактаб жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Шўрчи туманидаги 13-мактаб ва учинчи ўрин Шеробод туманидаги 11-мактабнинг баскетболчи аёл устозларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири