Автотранспорт воситасини сотишда ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирмагани катта жаримага сабаб бўлди
Фарғона шаҳрида бир фуқаронинг номида жами 45 та жарима тўпланиб, умумий қарз миқдори 27,5 миллион сўмга етган. Мазкур ҳолат оқибатида унинг номида бўлган яна бир автомашина хатланди.
Энг ачинарлиси, ушбу фуқаро аввал ўз автомашинасини бошқа шахсга сотиб юборган, бироқ савдо-сотиқ қонуний тартибда расмийлаштирилмаган. Яъни, транспорт воситаси ҳужжатларда аввалги эгаси номида қолаверган. Янги фойдаланувчи эса жарималарни ўз вақтида тўламай келган ва барча ҳуқуқий жавобгарлик аввалги эга зиммасига юкланган.
Натижада, 45 та жаримани қоплаш учун фуқаро ўзининг яна бир автомашинасидан айрилди.
Бу каби ҳолатлар жамиятимизда тез-тез учрамоқда. Айрим фуқаролар автомашиналарни ишончнома асосида ёки умуман расмийлаштирмасдан сотиб юборишмоқда. Бироқ, қонунга кўра, транспорт воситаси кимнинг номида бўлса, барча жарима ва мажбуриятлар айнан шу шахс зиммасида бўлади.
Шу муносабат билан барча фуқаролар ўз автомашинасини сотишда албатта қонуний расмийлаштириши, олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда амалга ошириши ҳамда транспорт воситасини янги эгаси номига ўз вақтида қайта рўйхатдан ўтказиши лозим.
Акс ҳолда, бефарқлик ва эътиборсизлик оғир молиявий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА