Автомобилсозлик саноати ривожланмоқда
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитой Халқ Республикасининг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири – “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” компанияси вице-президенти Ley Ming бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Бухоро вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, унда “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” компанияси иштирокида вилоятда замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ташкил этиш лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, Б10, Б10L, А10, C01 ва C16 русумли автомобилларни ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бу орқали ҳудудда янги индустриал тармоқ шакллантирилиши кутилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳа доирасида автомобиль бутловчи қисмларини маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бамперлар, ўриндиқлар, ойналар, эшик қопламалари, шиналар, орқа кўриниш кўзгулари, симлар жамланмаси, аккумуляторлар, асбоблар панели, торпеда қисми ва ёритиш ускуналарини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса импорт ҳажмини қисқартириш, маҳаллий корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш ва қўшилган қийматни оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ушбу лойиҳа Бухоро вилоятини Марказий Осиёдаги автомобилсозлик ва логистика марказларидан бирига айлантиришни мақсад қилган. Бу эса нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки қўшни давлатлар бозорига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Иш ўринлари яратиш борасидаги режага асосан, 2026 йилда 200 та, 2028 йилда 1000 та ва 2031 йилга бориб 3000 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Лойиҳа доирасида Бухоро давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети, Ахборот технологиялари университети ҳамда Турин политехника университети билан ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган. Бу орқали замонавий билим ва кўникмаларга эга муҳандис ва техник мутахассислар тайёрланади.

Маълумотларга кўра, Ley Ming Хитой автомобиль саноатида халқаро бозорлар, экспорт ва ташқи иқтисодий алоқалар йўналишида катта тажрибага эга раҳбарлардан бири ҳисобланади. У компанияда молиявий режалаштириш, банклар билан ҳамкорлик ва брендни ривожлантириш стратегияларини мувофиқлаштиришда фаол иштирок этиб келмоқда.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга оширишни янада жадаллаштириш, инвестиция жараёнларини тезлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Мазкур лойиҳа Бухоро вилоятининг саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудни замонавий автомобилсозлик марказига айлантириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ташаббус мамлакат иқтисодиётининг диверсификацияси ва экспорт салоҳиятини оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.