Атом электр станцияси: Экологик баҳолаш учун эксперт гуруҳи иш бошлади
Мамлакатимизда энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири — атом электр станцияси қурилиши ҳисобланади. Бундай стратегик аҳамиятга эга объектларни барпо этишда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик хавфсизлик ва жамоатчилик манфаатларини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (ОВОС) материаллари бўйича давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун махсус Эксперт гуруҳи ташкил этилди. Ушбу қарор лойиҳа ҳужжатларини холис, илмий асосланган ва ҳар томонлама кўриб чиқиш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур жараён амалдаги экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолашга оид миллий қонунчилик талаблари асосида ташкил этилмоқда.

Эксперт гуруҳи таркибига маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда халқаро экспертлар ҳам жалб этилган. Жумладан, Беларусь Республикаси Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ихтисослашган марказ мутахассислари иштирок этмоқда. Бу эса атом энергетикаси соҳасидаги халқаро тажриба ва илғор ёндашувларни ҳисобга олиш имконини беради.

Ҳозирги босқичда экспертлар томонидан лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири комплекс тарзда таҳлил қилинмоқда. Хусусан, атмосфера ҳавоси, сув ресурслари, тупроқ ҳолати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир, шунингдек гидрогеологик ва сейсмологик омиллар чуқур ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, эҳтимолий экологик хавфларни камайтириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва лойиҳада кўзда тутилган муҳофаза чораларининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эксперт гуруҳи аъзолари Жиззах вилоятининг Фориш туманида лойиҳалаштирилаётган атом электр станцияси майдонига ташриф буюриб, ҳудуднинг табиий-иқлимий, гидрологик ва геоморфологик хусусиятларини ўрганди. Бу эса экологик баҳолаш жараёнида муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда давлат экологик экспертизаси доирасида жамоатчилик эшитувлари давомида билдирилган фикр ва таклифлар ҳам инобатга олинмоқда. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Эксперт гуруҳи фаолияти якунида лойиҳани кейинги босқичларда амалга оширишда ҳисобга олиниши зарур бўлган экологик талаблар ва тавсияларни ўз ичига олган давлат экологик экспертизаси хулосаси тайёрланади.
Ушбу жараён атом электр станцияси қурилишида экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатни кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА