Араб ёзуви ва хаттотлик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди
Ўзбекистонда араб ёзуви ва хаттотлик санъати, яъни каллиграфия бой тарихга эга бўлиб, ислом маданиятининг муҳим бўлаги ҳисобланади. Ушбу соҳанинг шаклланиш тарихи асрлар давомида мусулмон маданияти ва илмий-адабий анъаналар маркази ҳисобланган юртимиз билан чамбарчас боғлиқ. Умуман, хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос ва алоҳида йўналиш касб этган ҳолда фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Қадимда ёзув ва китоб кўчиришга эҳтиёж ортиши туфайли Бухоро, Хоразм, Фарғона, Қўқон, Самарқанд ва Тошкентда хаттотлик мактаблари, бир неча йирик санъат маркази вужудга келган.
Марказий Осиё халқлари ислом динини қабул қилиши билан бу ўлкага араб ёзуви ҳам кириб келди. Натижада аввал фойдаланилган қадимий Уйғур, Ўрхун-Энасой, Сўғд, Хоразмий ёзувлари аста-секин муомаладан чиқиб, VII аср охиридан илм-фанда, давлат ишида араб ёзуви расмий мақом касб эта бошлаган. Шу тариқа араб хатини ўзлаштириш ва санъат даражасига кўтариш жиддий эътибордаги масалага айланган.
Кейинги пайт мамлакатимизда хаттотлик санъатига қизиқиш яна кучайди. Анъанавий хаттотлик усуллари билан бир қаторда, замонавий шакл билан уйғунлашган янги лойиҳалар илгари сурилиб, кўргазма ва устахоналар ташкил этилмоқда. Эндиликда хаттотлик нафақат ислом маданияти, балки ўзбек миллий меросининг ҳам ажралмас қисми сифатида эътироф этиляпти.
Аждодларимизнинг бой маънавий-маърифий ёдгорликларни ўрганиш асносида халқимиз, жумладан ёш авлодни араб ёзуви, хаттотлик санъати ва ушбу соҳанинг ўзига хос жиҳатларидан баҳраманд қилиш бугунги кунда асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, аждодлар бой меросини ўрганиш ҳар қандай миллат ривожи учун жуда муҳим.
Шу мақсадда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ва Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда араб ёзуви ва хаттотлик санъати” мавзусида маҳорат дарслари ва кўргазма ташкил этилди. Бундай тадбирларни уюштиришдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ижодий салоҳиятини ривожлантириш, хусусан араб ёзувини ўрганиш ва бу борадаги илмий савияни ошириш, маданий меросни асраш ва тарғиб қилишдан иборат.
Маҳорат дарсида машҳур устоз хаттот Ислом Муҳаммад иштирок этиб, юртимизда араб ёзуви ва хаттотлик санъати ривожланиши тарихи, бу жараён асрлар давомида нафақат дин, балки маданият ва илм-фан тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этгани ҳақида қизиқарли маъруза қилди.
ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров мавзуга оид мавжуд анъаналар асрлар давомида умумий исломий маданият билан уйғун равишда шаклланганига урғу берди. Ушбу воситалар халқ дипломатиясининг бир кўриниши сифатида исломий давлатлар бир-бирини янада яхшироқ англаши, дўстона алоқа ўрнатиши, ҳамкорликни мустаҳкамлашига хизмат қилиши мумкинлигини қайд этди. Қолаверса, “Шанхай руҳи” тамойилларидан бири – маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш замонавий дунёда цивилизацияларни ўзаро тан олиш, ҳар бир давлатнинг тарихи ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллатлар ижтимоий тизими ва тараққиёти модели мустақил танловига ҳурмат билдиришни англатиши таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби маҳорат дарслари турли жабҳада ижтимоий самарадорликни таъминлашга хизмат қилади. Нафақат хаттотлик санъати келажаги, балки Ўзбекистоннинг маданий-маънавий меросини асраш ва ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА