АҚШ – Тайвань муносабатлари минтақавий вазиятга қандай таъсир қилмоқда?
Яқинда Хитой халқ озодлик армияси (ХХОА) Шарқий ҳарбий округи Тайвань ороли атрофидаги сув ва ҳаво ҳудудида режалаштирилган ҳарбий машғулот ўтказди. Ҳарбий кемалар ва авиация кучлари иштирок этган бу амалиёт денгиз ва ҳаво маконида ўзаро мувофиқлашув, хавфсизликни таъминлаш ҳамда мудофаа имкониятини синовдан ўтказишга қаратилгани таъкидланган. Мазкур жараён ХХОА минтақавий барқарорлик ва миллий хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратишидан ҳам далолат, деб ёзди “China Daily” нашри.
Ўтган йил декабрь ойи бошида АҚШ Тайванга 11,1 миллиард долларлик қурол-яроқ савдоси бўйича келишувни маъқуллади. Бу миқдор аввалги йиллар билан таққослаганда анчагина юқори кўрсаткич бўлиб, “Javelin” танкка қарши ракеталари ҳамда “Himars” ракета тизимини ўз ичига олган. Расмий изоҳга кўра, қуроллар Тайвань мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Таҳлилчилар фикрича, АҚШнинг Тайвань билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги бўғозлараро муносабат асносида баҳоланмоқда. Айрим экспертлар бундай келишув минтақадаги ўзаро ишонч муҳитига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Лай Чинг-Те раҳбарлигидаги Тайвань маъмурияти хавфсизлик ва мудофаа масаласига алоҳида эътибор бериш, ташқи ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини айтиб келади. Таъкидланишича, айни ёндашув орол хавфсизлигини таъминлайди. Бинобарин, айрим доираларда бундай сиёсат бўғозлараро муносабатни янада мураккаблаштириши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ҳам мавжуд.
АҚШ билан муносабат доирасида фақат ҳарбий йўналиш эмас, балки иқтисодий ва технологик соҳалар ҳам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, чип ишлаб чиқариш, савдо божи ва инвестициянинг Тайвань иқтисодиётига таъсири борасида ҳам турли қарашлар янграмоқда. Аксар кузатувчилар маъмурият олдидаги асосий вазифа хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги билан боғлиқ мувозанатни сақлашдан иборатлигига урғу беради. Ушбу жараёнда жамоатчилик фикри ва минтақавий барқарорлик омили муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан бўғозлараро вазиятга оид ҳар қандай ҳарбий ёки сиёсий қадам эҳтиёткорликни тақозо этиши, мулоқот ва дипломатик механизмга устувор аҳамият берилиши зарур.
Мусулмон Зиё, ЎзА