АҚШ бокс клуби билан ҳамкорлик ўрнатилди
Ўзбекистон бокс федерацияси Муҳаммад Али, Майк Тайсон, Жейк ЛаМотта, Роберто Дуран каби бир қатор афсонавий чарм қўлқоп усталарини камолга етказган клуб билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Куни кеча Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби, “Asian Boxing” ташкилоти Мусобақаларни ўтказиш комиссияси раиси Шоҳид Тиллабоев Pan American Boxing Confederation (PBC) президенти Элис Зегнолле ҳамроҳлигида Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Gleason’s Gym” клуби фаолияти билан яқиндан танишди.
Айтиш лозим, 1887 йилда ташкил этилган “Gleason’s Gym” жаҳон боксида алоҳида ўрин тутади. Айнан шу масканда Муҳаммад Али, Майк Тайсон, Роберто Дуран каби афсонавий чарм қўлқоп усталари шуғулланиб, ўз маҳоратини сайқаллаган. Бугунги кунда ҳам мазкур бренд АҚШнинг турли штатларида фаолият юритаётган бокс заллари орқали ўз анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Жаҳон боксининг афсонавий масканларидан бири ҳисобланган мазкур клуб билан танишув асносида Ўзбекистон бокс федерацияси ва “Gleason’s Gym” раҳбарияти ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ҳамжиҳатликда ўрганиш ва боксчилар учун янги имкониятлар яратиш юзасидан келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА