Андижонда “Яшил макон” лойиҳаси куз мавсумига старт берилди
Андижонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил куз мавсумида амалга ошириладиган кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ишларига старт берилди.
Бобур шаҳрида меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокида лойиҳанинг куз мавсуми бошланишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, лойиҳа доирасида куз мавсумида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида амалга ошириладиган ишлар хусусида сўз юритилди.
– Кўчат экиш, чор-атрофни яшил ҳудудларга айлантириш, аввало, саломатлигимизни мустаҳкамлашга, ҳаётимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Экилган дарахтлар сояси, меваси билан узоқ йиллар давомида одамларга наф келтиради. Шу маънода кўчат экиш, боғ яратиш, хайрли ва савобли ишлардан ҳисобланади.


Мутахассисларнинг қайд этишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган 2016 йилда Андижон вилоятида яшиллик даражаси 8,3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган 10 йил давомида ушбу кўрсаткич 14,1 фоизга етди. 2030 йилга қадар вилоятнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Жорий йил куз мавсумида лойиҳа доирасида жами 10 миллион 732 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчати, қаламчаларини экиш режалаштирилган. Кўчат экиш ишларини самарали, сифатли ва ўз вақтида ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар белгиланган.


Биргина ўтказилган илк тадбир доирасида Бобур шаҳридаги 50 гектар майдонда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, ҳудудга 42 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ҳудудга экилган кўчатларни мунтазам парваришлаш учун замонавий суғориш тизими, ёритиш тармоқлари барпо этилади.


Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар шунчаки кўчат экиш эмас, балки табиатга меҳр, келажакка эътибор ва юрт ободлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири