Шеробод анорлари жаҳон бозорида ўз ўрнини топмоқда
Сурхондарё вилояти Шеробод тумани анорчилик ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда етиштирилаётган сархил анорлар нафақат ички бозорда, балки хорижий мамлакатларда ҳам ўз харидорларига эга бўлмоқда.
Кейинги йилларда туманда анорзорлар майдонини кенгайтириш, ҳосилдорликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятидаги 9 минг гектар анорзорнинг 5 минг гектари Шеробод тумани ҳиссасига тўғри келади. Бу туманда мавжуд 5 минг 619 гектар боғ майдонининг қарийб 90 фоизини ташкил этади.
Анорчилик туман аҳолисининг муҳим даромад манбаларидан бирига айланган. Хусусан, ҳудуддаги 48 минг хонадоннинг қарийб 16 мингтасида томорқа ерларида анор парваришланмоқда. Айрим оилалар учун бу қўшимча даромад манбаи бўлса, бошқалар анор етиштиришни тадбиркорлик даражасига олиб чиққан.
Соҳа ривожида фермер ва тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳам муҳим аҳамият касб этяпти. Жумладан, 2020 йилдан бошлаб боғдорчилик учун ер майдонлари ажратиш борасидаги имкониятлар кенгайиши янги анорзорлар барпо этишга туртки берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шерободдаги анор боғлари билан танишиб, етиштирувчилар билан мулоқот қилгани ҳам ушбу йўналишни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
— Илгари боғдорчилик учун ер олиш анча мураккаб эди, - дейди Сурхондарё вилояти «Анорчилик» уюшмаси раҳбари Шуҳрат Ўринов. — Кейинги йилларда яратилган имкониятлар туфайли янги анорзорлар ташкил этилди. Бугун Шеробод туманида анорчиликка ихтисослашган 100 га яқин фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Тумандаги илғор хўжаликлардан бири тадбиркор Сарвар Алланазаровга тегишли. У 2021 йилда ака-укалари билан биргаликда 43 гектар майдонда анор боғи барпо этган. Айни пайтда мазкур боғда 28 минг туп анор дарахти парваришланмоқда.
— Боғимизда ҳар гектардан ўртача 45–50 тонна ҳосил оляпмиз, - дейди Сарвар Алланазаров. — Жорий мавсумда жами ҳосил ҳажми 1 минг тоннага етишини кутяпмиз. Хўжалигимизда 12 нафар ишчи доимий меҳнат қилади. Шунингдек, йилнинг саккиз ойи давомида 200 нафарга яқин мавсумий ишчини иш билан таъминлаймиз.
Дарҳақиқат, анорчилик ривожи қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Шеробод анорлари ўзига хос таъми ва сифати билан ташқи бозорларда ҳам харидоргир. Ҳудудда етиштирилган маҳсулотлар Марказий Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Жорий мавсумда туманда 87 минг 500 тонна анор ҳосили йиғиб олиниши кутилмоқда. Унинг 30–40 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Етиштирилган маҳсулотни саралаш, сақлаш ва ташқи бозорларга етказиб бериш мақсадида ҳудудда логистика марказлари ҳам ташкил этилган. Бу эса ҳосил сифатини сақлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳсулот етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-32321]
Бугун Шерободда анорчилик истиқболли қишлоқ хўжалиги тармоғи сифатида тобора ривожланмоқда. Кенгайиб бораётган анорзорлар, яратилаётган иш ўринлари ва ташқи бозорларга чиқарилаётган маҳсулотлар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш билан бирга, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА