Амир Темур нега ўз қўшинидаги бошлиқларга гўшт истеъмол қилишни ман этган?
Ўрта асрлар ҳарбий тарихида лашкар таъминоти энг мураккаб ва ҳал қилувчи масала бўлган. Ўн минглаб аскарларни узоқ сафарларда озиқ-овқат билан таъминлаш ўта оғир кечган. Кўплаб номдор саркардаларнинг қўшинлари айнан очлик ва таъминот узилиши сабабли ҳалокатга учраган.
Амир Темур эса бу йўналишда ўзига хос бошқарув усулларини яратган. Соҳибқирон юришларидаги ов-шикор тадбирлари сайр-томоша ёки кўнгилхушлик учун қилинмаган. Бу бутун бошли қўшинни очликдан қутқарувчи муҳим ҳарбий-иқтисодий тадбир эди. Шу билан бирга, ов давомида аскарларнинг жанговар руҳи ва ўзаро уйғунлиги тобланган. Бундай теран мушоҳаданинг яққол исботини Дашти Қипчоқ ва Ироқ воқеалари мисолида кўрамиз.
Муаррих Шарафуддин Али Яздийнинг машҳур “Зафарнома” асарида 1391 йил баҳоридаги воқеалар жуда аниқ тасвирланади. Амир Темур хиёнаткор Тўхтамишхонни жазолаш учун бепоён Дашти Қипчоқ саҳросига кириб боради. Саркарда ўта катта қўшин билан душманни қаторасига тўрт ой давомида тинимсиз таъқиб қилади. Тўхтамишхон атайлаб жангга киришмай, Темур лашкарини саҳронинг энг ичкарисига бошлаб кетади. Етти ойлик машаққатли сафар давомида лашкар бирорта ҳам тирик инсонни учратмайди. Теварак-атрофда биронта экинзор, чорва суруви ёки яшаш манзили кўзга ташланмайди. Фақат ҳувиллаб ётган чексиз чўл лашкарни тўлиқ қуршаб олган эди.
Очлик туфайли қўшин ортидан эргашиб келаётган сайёр бозор ҳувиллаб қолади. Карвонлар орқада қолиб кетгани сабабли, озиқ-овқат танқислиги кескинлашиб, вазият ёмонлашади. Нарх-наво қаҳатчилик йилларидаги каби мисли кўрилмаган даражада осмонга сапчийди. Одатий кунларда арзон турадиган битта қўйнинг баҳоси юз диноргача кўтарилиб кетади. Юз динор ўша давр ўлчовида жуда катта бойлик ҳисобланган. Бундай оғир шароитда қўшин ичида турли норозиликлар ва тушкунлик тарқалиши тайин эди. Лекин Соҳибқирон дарҳол қатъий тартиб ўрнатади ва ўзининг саркардалик қобилиятини намойиш этади.
Ҳукмдор зудлик билан туман амирлари, мингбоши, юзбоши ва ўнбошиларга қатъий чеклов қўяди. Барча даражадаги бошлиқларга гўшт пишириш ва истеъмол қилиш ман этилади. Энг юқори мартабали саркардалар ҳам оддий навкарлар билан бир хил шароитда яшашга ўтади. Бутун лашкар фақат суюқ атала ичиб кун кўришга мажбур бўлади. Олдинлари бундай юпун ва гўштсиз овқат фақат қулларга ёки хизматкорларга раво кўрилган. Лекин оғир паллада энг кибор амирлар, ҳатто Темурнинг ўзи ҳам ана шу аталадан ичишарди. Ҳар бир аскарга кунига фақат бир товоқдан сийрак егулик тарқатилиб, қаттиқ назорат ўрнатилади.
Адолатли тақсимот лашкарни ички зиддиятлардан асраб қолади, бироқ захира барибир тугайди. Оч қолган сипоҳийлар тирик қолиш учун кенг саҳро бўйлаб турли егуликлар қидиришга тушадилар. Улар ёввойи қушлар тухумини ва турли майда жониворларни қидириб топадилар. Ҳатто ейишга яроқли чўл ўт-ўланлари ва илдизлари ҳам қазиб олинади. Очлик ва сурункали чарчоқ бутун қўшиннинг тинкасини қаттиқ қурита бошлайди. Айнан шу қалтис паллада Амир Темур лашкарни ҳалокатдан қутқарувчи фармонни эълон қилади. У зудлик билан саҳрода оммавий катта шикор ўтказишни буюради.
Мазкур тарихий ва улкан шикор 1391 йил 6 май куни эрталабдан бошланади. Манбаларда бундай махсус ва кенг кўламли ов ҳалқалари қадимдан “чарга” деб номланган. Амирлар бепоён саҳрода улкан доира ҳосил қилиш учун энг чаққон сипоҳийларни ажратадилар. Аскарлар ўнлаб чақирим кенгликни ўраб олиб, ёввойи ҳайвонларни ҳалқа ичкарисига томон аста суриб келадилар. Икки кунлик узлуксиз ҳаракатдан сўнг доира бирлашади ва ҳалқа ичи турли жониворларга тўлиб тошади. Аскарлар қурол-яроғ билан зич туриб, темир девор ҳосил қиладилар. Бирорта ҳам ҳайвоннинг қуршовдан ташқарига чиқиб кетишига йўл қўйилмас, қоида бузганлар қаттиқ жазоланар эди.
Ов давомида жуда кўп кийик, товушқон, ёввойи қулон ва бошқа дашт жониворлари тутилади. Бу тадбир туфайли лашкар яна бир неча ҳафталик тўлақонли гўшт захирасига эга бўлади. Бу жараён шунчаки озиқ-овқат тўплаш эмас, балки мукаммал уйғунликка асосланган ҳарбий машғулот ҳам эди. Ҳалқа ичида дастлаб шахсан ҳукмдорнинг ўзи ов қилиб, лашкарга намуна кўрсатган. Кейин у баланд тепаликка чиқиб, шаҳзодалар ва амирларнинг чаққонлигини диққат билан кузатиб борган. Сўнгги навбатда қўшин овга киришиб, ўз навкарлик маҳоратини ва камондан ўқ узиш санъатини намойиш қилган.
Соҳибқирон бундай ноёб озиқ-овқат таъминоти усулидан кейинги юришлари давомида ҳам мунтазам фойдаланган. Муаррих Низомиддин Шомий ўзининг “Зафарнома” асарида яна бир шунга ўхшаш муҳим воқеани қайд этади. 1393 йил 6 декабрда шанба куни янги шикор бошланади. Бу вақтда Амир Темур “беш йиллик юришлар” билан банд эди. У Ироқдаги Ҳарбий мавзесида аскарлари билан кенг кўламли ов қилишга қарор қилади. Фармонга биноан минглаб лашкарлар нотаниш саҳро атрофини қуршаб, катта ўлжа йиғадилар.
Кўриниб турибдики, Амир Темурнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ортида буюк мақсад мужассам бўлган. Оддий ов тадбири орқали у ҳам қўшин таъминотини ечган, ҳам жанговар ҳарбий интизомни мустаҳкамлаган. Оғир паллада оддий аскарлар билан бир хил овқатланган адолатли ҳукмдор лашкарнинг чексиз меҳрини қозонган. Унинг бундай теран тафаккури, инқирозларни бошқариш сирлари ва пухта режалари авлодлар учун ибрат мактабидир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА