Сенатор сўрови: Чилонзорда дарахтлар кесилишининг олди олинадими?
Мамлакатимизда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, дарахтларни кесишга нисбатан мораторий жорий этилган. Қонунчиликка мувофиқ, дарахтларни ноқонуний кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш учун жавобгарлик кучайтирилди.
Қоидабузарларга кесилган дарахт ўрнига кўчат экиш ва уларни парваришлаш мажбурияти юклатилган.
Бироқ, кўрилаётган чораларга қарамай, айрим ҳудудларда дарахтларни кесиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Шу муносабат билан Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов номига сенатор сўрови юборди.
Сенаторлар Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ўтказган учрашувларда фуқаролар шу масалада мурожаат қилган. Хусусан, Чилонзор тумани 17-даҳа Ботирма маҳалласидаги 33-уйга туташ ҳудудда февраль ойида тўсиқлар ўрнатилиб, қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилгани ҳамда бу ердаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши хавфи мавжудлиги билдирилган.
Мазкур ҳолат инобатга олинган ҳолда сенатор сўровида ҳудуднинг ҳозирги ҳолати ва унинг тўсиқлар билан ўраб олиниши сабаблари, ушбу жойда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳамда уларнинг шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлиги юзасидан тушунтириш бериш сўралган.
Сўровда ҳудуддаги дарахтлар хатловдан ўтказилганлиги, дарахтлар кесилишининг олдини олиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан аниқлик киритиш сўралган.
Н.Абдураимова,
ЎзА