Амир Темур давлaтчилиги тарихида Турон маликаларининг ўрни
Қашқадарё вилоятида Миллий тикланиш демократик партияси ташаббуси билан буюк соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуасида “Амир Темур давлaтчилиги тарихида Турон маликаларининг ўрни” мавзусидаги илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Унда тарихий меросга янгича ёндашув асосида, айниқса, аёлларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. Шунингдек, тадбир доирасида ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Бибихоним” тарихий романи тақдимоти ўтказилиб, миллий ўзликни англаш масалалари яна бир бор кун тартибига чиқди.


Шундан сўнг, Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, аждодлар хотирасига эҳтиром ва ворислик тамойиллари ифода этилди.


Куннинг иккинчи ярмида эса партия фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгашларда партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, депутатлик иши, сайловчилар билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, таҳлилий марказлар фаолияти, амалий тренинглар ва методик ишланмалар орқали депутатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берилди.



Қашқадарёда ўтказилган мазкур тадбирлар нафақат улуғ аждодимиз хотирасини ёд этиш, балки сиёсий ва маънавий ҳаётда янги босқични бошлаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири