Амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди
Бугун меҳнат миграцияси шунчаки чет элга иш излаб кетиш жараёни эмас. У мамлакат иқтисодиёти, аҳоли бандлиги, инсон капитали ва халқаро ҳамкорликни ўзида мужассам этган муҳим ижтимоий-иқтисодий тизимга айланмоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилотлар ва соҳа масъуллари иштирок этишиб, меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини атрофлича таҳлил қилишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миграция сиёсати мутлақо янги мазмун билан бойиди. Энди асосий эътибор фуқарони чет элга жўнатиш эмас, балки уни рақобатбардош кадр сифатида тайёрлаш, хавфсиз меҳнат муҳитига йўналтириш ва ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилмоқда.
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар ана шу фармон ижросининг ҳудудлардаги амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги ҳамда Миграция агентлигининг ҳудудий бошқармаси ахборотлари тингланар экан, аҳолини иш билан таъминлаш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта ўзлаштириш ва халқаро меҳнат бозорларига тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида бир ҳақиқат яна бир бор ўз тасдиғини топди: бугунги глобал меҳнат бозорида билим ва малака энг катта капитал ҳисобланади. Шу боис фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш сифатини ошириш, уларнинг халқаро стандартларга мос кўникмаларини шакллантириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Айниқса, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш, юртга қайтган фуқароларнинг реинтеграциясини таъминлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди. Зеро, меҳнат мигрантининг тақдири фақат чет элда эмас, Ватанга қайтганидан кейин ҳам давлат эътиборида бўлиши зарур.
Йиғилишда хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш, юқори маошли ва хавфсиз иш ўринлари сонини кўпайтириш, янги меҳнат бозорларини ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Бугун анъанавий меҳнат йўналишлари билан чекланиб қолмасдан, Европа ва Осиёнинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорлик географиясини кенгайтириш муҳим вазифага айланмоқда.
Келтирилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўзида вилоятдан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган 521 нафар фуқаро касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича махсус ўқув курсларига жалб этилган. Шунингдек, улар учун чет элдаги меҳнат муҳити, ҳуқуқий талаблар ва маданий мослашув жараёнларига бағишланган махсус тайёрлов дастурлари ташкил этилган.
Бу рақам ортида юзлаб инсонларнинг тақдири, янги имкониятларга интилиши ва эртанги кунга ишончи мужассам. Энг муҳими, миграция энди тасодифий қарор эмас, балки пухта тайёргарлик, аниқ мақсад ва давлат кўмагига таянган тизимли жараёнга айланмоқда.
Мажлис якунида мутасадди ташкилотлар олдига меҳнат бозорларини янада диверсификация қилиш, талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитиш қамровини кенгайтириш, хусусий бандлик агентликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Муҳокамалар якуни бўйича қабул қилинган қўшма қарор соҳада бошланган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки бугун миграция масаласи фақат бандлик эмас, инсон қадри, оила фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ масалага айланган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА