Алексей Лихачёв: Атом энергетикаси Ўзбекистон саноати ва илм-фани тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланади
Бугун Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” VI халқаро саноат кўргазмаси доирасида “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Алексей Лихачёв оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб бериб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, айниқса, атом энергетикаси соҳасидаги шериклик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кўргазма мазкур ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Кўргазма доирасида “Росатом” томонидан атом энергетикаси ва электр мобиллик соҳасидаги илғор технологик ечимлар намойиш этилди. Жумладан, “РИТМ-200Н” ва “ВВЭР-1000” реакторлари асосидаги интеграциялашган атом станцияси макети, шунингдек, электр транспорти учун мўлжалланган замонавий инфратузилма ва технологиялар тақдим қилинди.
[gallery-28879]
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга чиқди. Хусусан, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бўйича амалий келишувлар ва шартномалар имзоланиб, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошланган.
Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги АЭС қурилиши янги модель асосида барпо этилади. Унга кўра, бир майдонда турли қувватга эга атом объектлари - йирик қувватли 1000 мегаваттли ҳамда кичик қувватли 55 мегаваттли реакторлар параллел равишда қурилади. Бу эса энергетик барқарорликни таъминлаш ва келгусида электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қоплашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, “Росатом” ва “Ўзатом” ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланган. Мазкур ҳужжат доирасида нафақат энергия ишлаб чиқариш, балки кадрлар тайёрлаш, илм-фан, инновациялар ва тиббиёт соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган.
Тадбирда АЭС ҳудудида замонавий инфратузилмага эга “Атом шаҳарчаси”ни барпо этиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
– Ўзбекистонда атом энергетикаси саноат, илм-фан, таълим ва ижтимоий инфратузилма каби турли соҳалар ривожининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиши лозим. Станция яқинида барпо этиладиган “Атом шаҳарчаси” нафақат энергетика, балки ядро тиббиёти, материалшунослик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва стерилизация технологиялари каби истиқболли йўналишлар марказига айланади. Бу ерда мамлакатнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган олимлар ва муҳандисларнинг янги авлоди шаклланади, – деди Алексей Лихачёв.
Матбуот анжуманида “Росатом”нинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик истиқболлари, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва келгуси режалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Насиба Зиёдуллаева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА мухбири