Аграр тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик
Қишлоқ хўжалигида илмий ёндашув, замонавий технологиялар ва инновацион ишланмалардан самарали фойдаланиш аграр соҳани барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Бу борада Ўзбекистонда шаклланган илмий-тадқиқот тажрибаси, янги ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва соҳа мутахассисларининг билим-кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Хусусан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон ва Туркманистон вакилларидан иборат делегация аъзолари Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолияти, унинг илмий салоҳияти ҳамда инновацион ишланмалари билан танишди.

Ташриф “Аграр ва сув хўжалиги соҳасида барқарор бошқарув ва самарадорлик” махсус халқаро ўқув-амалий танишув дастури доирасида ташкил этилди. Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети ташаббуси билан ўтказилди. Дастлаб марказ директорининг ўринбосари — илмий мажмуа раҳбари Азиз Баҳодиров меҳмонларга муассасанинг асосий мақсад ва вазифалари, илмий-тадқиқот салоҳияти, аграр соҳада билим ва инновацияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази негизида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилган. Бу ташаббус аграр соҳада илмий тадқиқотларни ривожлантириш, уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ва мавжуд илмий салоҳиятдан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Шунингдек, Академия тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари, тажриба станциялари ва уруғчилик хўжаликлари фаолияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, янги экин навларини яратиш, генетик ресурсларни сақлаш, уруғчиликни ривожлантириш, чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўналишларида олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда Республика агрохизматлар маркази бўлим бошлиғи Обиджон Салимов ҳам илмий ютуқларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига интеграция қилиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари юзасидан тақдимот ўтказди. Таъкидланганидек, агрохизматлар маркази орқали 17 та йўналиш бўйича 100 дан ортиқ хизмат “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилмоқда. Агроконсалтинг, ўқув курслари, дала намойишлари ва рақамли воситалар орқали илғор агротехнологияларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир давомида хорижий делегация вакиллари илмий-тадқиқот институтлари томонидан ташкил этилган кўргазма билан ҳам танишди. Унда олимлар томонидан яратилган илмий ишланмалар, янги навлар ва инновацион ечимлар намойиш этилди. Меҳмонлар, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти фаолияти билан танишиб, аграр соҳа мутахассисларини тайёрлаш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.

Айниқса, Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “ақлли” иссиқхоналардаги иш жараёнлари делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Улар замонавий бошқарув тизими, ишлаб чиқариш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш ва иссиқхоналар имкониятлари билан қизиқди. Мазкур ишлар ҳақида мутахассисларга ўз саволларини берди.

Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон аграр соҳасида эришилаётган илмий натижалар, тадқиқотларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлангани ва инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш борасида тўпланган тажрибани юқори баҳолади.
Мазкур халқаро ўқув-амалий дастур Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида аграр ҳамда сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва илғор бошқарув ёндашувларини оммалаштиришга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА