Афғонистондаги сув тошқини қурбонлари сони юзга яқинлашди
Афғонистонни қамраб олган кучли ёмғир ҳалокатли сув тошқинига айланди. Оқибатда ўнлаб инсон ҳалок бўлиб, минглаб оила бошпанасиз қолди, улкан вайронкорлик юз берди. Мамлакат табиий офат билан курашмоқда. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, мамлакат бўйлаб тошқин қурбонлари сони 99 кишига етди, сўнгги тўққиз кун ичида 154 одам жароҳатланди.
Табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси вакилининг сўзларига кўра, 26 март куни бошланган кучли ёмғир кенг кўламли сув тошқини ва кўчкига олиб келган, қурбонлар кўпчилик, моддий зарар салмоқли.
5 000 уй тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган, 355 километр йўл ювилиб кетган, 14 405 гектар қишлоқ хўжалиги экини майдонини сув босган. Жами 8 532 оила жабр кўрган.
Қўшимча қилинишича, қутқарув ва гуманитар гуруҳлар фавқулодда ёрдам воситалари тарқатиш учун энг кўп зарар кўрган ҳудудларга жўнатилган. Зарарни баҳолаш ишлари давом этяпти.
Афғонистон метеорология хизмати кучли ёғингарчилик давом этиши, яқин кунларда барча 34 вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларида сув тошиши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Г.Сатторова, ЎзА