АЭС қурилиши аёллар учун қандай янги имкониятлар яратади?
Мамлакатимизда атом энергетикаси соҳасининг ривожланиши хотин-қизлар учун янги касбий имкониятлар эшигини очмоқда. Юртимизда биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳаси аёлларни муҳандислик, техника ва юқори технологияли соҳаларга кенг жалб этишда муҳим майдонга айланмоқда.
“Ўзатом” агентлигида Ўзбекистон ва Россия атом саноати хотин-қизлари иштирокида ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз борди. Тадбирда Жиззах вилоятида қурилаётган кичик қувватли атом электр станцияси лойиҳасида иштирок этаётган раҳбарлар, муҳандислар, лойиҳачилар, ёш мутахассислар ва талабалар қатнашди.
Анжуманда таъкидланганидек, атом саноатида аёллар профессионал ҳамжамиятини ривожлантириш кадрлар сиёсатидаги устувор йўналишлардан биридир. Муҳокамалар давомида АЭСни лойиҳалаш, юқори технологияли ускуналарни яратиш, қурилиш ишларини ташкил этиш ҳамда техник йўналишларда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон атом саноатида аёллар нафақат маъмурий, балки асосий техник йўналишларда ҳам фаол меҳнат қилмоқда. Улар ядро ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, миллий стандарт ва регламентларни ишлаб чиқиш, иш сифатини назорат қилиш ҳамда мураккаб технологик жараёнларни бошқаришда иштирок этмоқда.
Ҳозирда “Ўзатом” агентлиги ва унинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 263 нафар ходимнинг 94 нафари хотин-қизлар бўлиб, бу умумий кўрсаткичнинг қарийб 35 фоизини ташкил этади.
Анжуман доирасида “Ўзатом” агентлиги Хотин-қизлар кенгаши ҳамда “Росатом” давлат корпорациясининг Аёллар ҳамжамияти ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Мазкур ҳужжат аёл мутахассисларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, АЭС қурилиши жараёни хотин-қизлар учун муҳандислик, лойиҳалаш, қурилиш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқарув каби йўналишларда янги истиқболли иш ўринларини яратади. Бу эса нафақат энергетика соҳаси, балки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Н. ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА